Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

04.3 Ота-онага оқ бўлиш ва улардан алоқани узиш энг катта гуноҳлардан

Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга энг катта гуноҳларни айтиб берайми?» деб уч бор такрорладилар. Биз: «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар, ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар ва: «Огоҳ бўлингиз, ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дедилар. Шундай деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Кошки сукут қилсалар» деб қолдик (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло халқларни яратиб, фориғ бўлгач, қариндошлик алоқаси ўрнидан турди. «Нима истайсан?», деди. «Мен алоқани узишдан Сендан паноҳ тиловчи мақомида турдим», деди. «Хўп, сени боғлаган одамни (Ўзимга) боғлашимга ва сени узган одамни (Ўзимдан) узишимга рози бўласанми?!», деди. «Ҳа, эй Роббим!», деди. «Унда шу нарсани сенга ато этдим», деди (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Раҳм (қариндошлик алоқаси Раҳмон таолога) томирлар бир-бирига киришиб кетгани каби яқиндир, у айтади: «Эй Роббим, мени уздилар! Эй Роббим, менга ёмонлик қилдилар! Эй Роббим, менга зулм қилдилар! Эй Роббим…! Эй роббим…!». Раҳмон таоло унга шундай жавоб беради: «Сени боғлаган одамни боғлашим ва сени узган одамни узишимга рози бўлмайсанми?! дейди.» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2530).

Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу раҳм (яъни қариндошлик алоқаси) Раҳмонга ўзакдошдир, уни узган одамга У жаннатни ҳаром қилган» Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2532).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Миннатчи кимса, ота-онасига оқ бўлган одам ва ароққа муккасидан кетган киши жаннатга кирмайди» (Саҳиҳу сунанин-Насоий: 5241).

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло деди: «Мен Раҳмонман, у раҳмдир, унга Ўз исмимдан исм бердим, ким уни боғласа Мен уни (Ўзимга) боғлайман, ким уни узса Мен уни (Ўзимдан) узаман» (Абу Довуд ривояти, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 1486).

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошлари билан алоқасини узган одам жаннатга кирмайди» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамзотнинг амаллари ҳар пайшанба – жумага ўтар кечаси – Аллоҳга арз-кўндаланг қилинади, қариндошлари билан алоқани узган одамнинг амали мақбул бўлмайди» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2538).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Раҳм (қариндошлик алоқаси) Аршга осилиб, илтижо қилади: «Ким мени боғласа, Аллоҳ унга (алоқа) боғласин, ким мени узса, Аллоҳ ундан (алоқасини) узсин» (Муттафақун алайҳ).

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло оналарга оқ (итоатсиз, дилозор) бўлишни сизларга ҳаром қилди» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши борки, Аллоҳ таоло қиёмат куни уларга қарамайди: ота-онасига оқ бўлган одам, эркакшода аёл, даюс кимса. Уч киши борки, жаннатга кирмайди: ота-онасига оқ бўлган одам, ароққа муккасидан кетган кимса, берганини миннат қиладиган киши» (Саҳиҳу сунанин-Насоий).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорнинг розилиги отанинг розилигидадир, Парвардигорнинг ғазаби отанинг ғазабидадир» (Термизий ва Ҳоким ивоятлари, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 3506).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир, Парвардигорнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 3507).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отасини сўккан кимсага лаънат бўлсин, онасини сўккан кимсага лаънат бўлсин, Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйган кимсага лаънат бўлсин» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5891).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳлар жумласига киради», дедилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими?», деб сўрадилар. «Ҳа, бировнинг отасини сўкади, шунда у ҳам унинг отасини сўкади. Бировнинг онасини сўкади, шунда у ҳам унинг онасини сўкади», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким била туриб ўз отасидан бошқага нисбатланса, унга жаннат ҳаромдир» дедилар (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ёлғон тўқувчиларнинг энг каттаси иккита: Бировни ҳажв қилса бутун қабиласи билан ҳажв қиладиган шоир ва ўз отасидан тонган одам» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1066).

Амр ибн Мурра ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқлигига ва сиз Аллоҳнинг расули эканингизга гувоҳлик бердим, беш вақт намоз ўқидим, молимнинг закотини ўтадим, Рамазон рўзасини тутдим», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мана шу ишлар устида вафот этаркан, модомики ота-онасига оқ бўлмаса, қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга мана бундай туради» деб икки бармоқларини кўтардилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2515).

Қариндошлари билан алоқасини узган одам қиёмат куни уни кутиб турган хорлик ва азобдан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам жазосини кўради

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошликни узиш, хиёнат ва ёлғончиликдан кўра Аллоҳ таоло қилувчисининг жазосини охиратга олиб қўйиши билан бир қаторда шу дунёнинг ўзида ҳам жазолашига лойиқроқ бошқа бирон гуноҳ йўқдир» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5705).

Қосим ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қариндошлик алоқасини узса ёки фожир қасам билан қасам ичса, ўлмасидан туриб унинг зиён-заҳматини албатта кўради» (Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 6475).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки гуноҳ борки, уларнинг жазоси шу дунёнинг ўзидаёқ кўрилади: тажовузкорлик ва оқпадарлик» (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1120).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Учта дуо шак-шубҳасиз ижобат қилинади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, ота-онанинг фарзанд ҳаққига қилган дуоси»[1] (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 24).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар ичида силаи раҳмдан кўра савоби тезроғи йўқ, тажовузкорлик ва силаи раҳмни узишдан кўра жазоси тезроғи йўқ, ёлғон қасам хонадонларни қуритади (яъни, улардан аҳиллик ва баракани кўтаради)» (Байҳақий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 978).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фақат уч киши бешикдалигидаёқ гапирган: Ийсо ибн Марям, Журайж воқеасидаги бола… Журайж обид киши эди, бир маконни ибодатхона тутиб, шунда ибодат билан машғул бўларди. Бир куни намоз ўқиётган пайтида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. Шунда у: «Эй Роббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, сўнг намозида давом этаверди, онаси эса ортига қайтиб кетди. Эртасига яна намоз ўқиб турган пайтида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. У яна: «Эй Роббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, сўнг намозида давом этаверди, онаси яна ортига қайтиб кетди. Учинчи куни яна намоз ўқиб турган пайтида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. У яна: «Эй Роббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, сўнг намозида давом этаверди.[2] Шунда онаси: «Эй Парвардигор! Уни бузуқ хотинларнинг юзларига боқмасидан туриб вафот эттирмагайсан» деб дуойибад қилди. Бану Исроил ичида Журайж обидлиги билан ном қозонди. Ҳуснда тенгсиз бир бузуқ аёл бор эди. У: «Агар истасаларингиз, мен сизларга уни фитнага солиб, йўлдан оздириб бера оламан» деди. Сўнг Журайж ёнига борди, бироқ у унга қараб ҳам қўймади. Сўнгра у Журайжнинг ибодатхонасига келиб турадиган бир чўпон билан бузуқлик қилиб, ундан бола орттирди. Туққанидан сўнг болани Журайждан бўлган деб даъво қилди. Шундан сўнг одамлар Журайжни ибодатхонадан чиқариб дўппосладилар, ибодатхонани эса бузиб ташладилар. Журайж бунинг сабабини сўраганида унга: «Сен манави фоҳиша билан бузуқчилик қилдинг, у сендан бола ҳам орттирди» дейишди. «Қани ўша бола?» деб сўради. Болани олиб келишгач: «Менга имкон беринглар, намоз ўқиб олай» деди. Намоз ўқиб бўлгач, боланинг олдига келиб, унинг қорнига нўқиб: «Эй бола! Сенинг отанг ким?» деб сўради. Бола: «Фалончи чўпон» деб жавоб берди. Шунда одамлар Журайжни қучоқлаб, ўпа кетдилар. Унга: «Ибодатхонангни олтиндан қуриб берамиз» дейишди. У: «Йўқ, олдингидек, лойдан қуриб беринглар» деди. Улар айтганидек қилиб қуриб беришди». (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Журайж ибодатхонада ибодат билан машғул эди, онаси келди – шундан сўнг Абу Ҳурайра Журайжнинг онаси уни чақирган пайтдаги ҳолатини, қўлини қошлари устига қандай қўйганини, сўнг бошини тепага қандай қаратиб чақирганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлаб берганларидек тасвирлаб берди – ва: «Эй Журайж! Мен онангман, менга жавоб бер» деди. Кейин уни намоз ўқиётган ҳолда топди, у: «Эй Парвардигор! Бир ёнда онам ва бир ёнда намозим?!» деди ва намозни ихтиёр қилди. Онаси қайтиб кетди. Сўнги иккинчи бор келиб, яна: «Эй Журайж! Мен онангман, менга жавоб бер» деди. У яна: «Эй Парвардигор! Бир ёнда онам ва бир ёнда намозим?!» деди ва намозни ихтиёр қилди.

Шундан сўнг онаси: «Эй Парвардигор! Мана бу Журайж, у менинг ўғлим, мен гапирсам у менинг гапимга жавоб беришни истамади. Эй Парвардигор! Энди уни то бузуқ хотинларга назари тушмагунча вафот эттирмагайсан» деди. Агар уни фитнага гирифтор қилинишини сўраб дуо қилганида эди, у албатта фитнага дучор бўлган бўлар эди.

Бир қўйбоқар унинг ибодатхонасини ўзига бошпана тутган эди. Ана шу чўпон қишлоқдан чиқиб келган бир аёл билан бузуқчилик қилди. Аёл ҳомиладор бўлиб, боласини туққач, ундан: «Бу нимаси? (Болани кимдан орттирдинг?)» деб сўрадилар. У: «Мана бу ибодатхонадаги одамдан» деб жавоб берди. Шунда одамлар болта ва чўкичлари билан келиб уни чақиришди. У намоз ўқиётган эди, уларга жавоб бермади. Шундан сўнг ибодатхонани буза бошладилар. Буни кўргач Журайж улар олдига тушиб келди (ва бу ишлари сабабини сўради). «Мана бу хотиндан сўра!» дейишди унга. У табассум қилди ва гўдакнинг бошини силаб туриб: «Отанг ким?» деб сўради. Бола: «Отам фалончи қўйбоқар» деб жавоб берди. Боладан бу гапни эшитган одамлар: «Ўзимиз бузган бу ибодатхонани олтин-кумушдан қайта қуриб берамиз» дейишди. Журайж: «Йўқ, аввалгидек, тупроқдан қуриб беринглар» деди ва жойига чиқиб кетди. (Муслим ривояти).

Бир ривоятда: «Сўнг уни олиб кетдилар. Йўлда борар экан, бузуқ хотинлар ёнидан ўтди. Уларни кўргач, табассум қилди… Подшоҳ: «Нега табассум қилдинг?» деб сўраган эди, «Таниш ҳолатни учратдим, менга онамнинг дуоси тегди» деб жавоб берди, сўнг бўлган воқеани уларга айтиб берди» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да келтирган).

Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади: Бир марта бир маҳаллага тушдим, маҳалла ёнида қабристон бор эди. Асрдан сўнг бир қабр ёрилиб, ундан боши ўрнида эшакнинг калласи бўлган бир одам чиқди-да, уч марта ҳангради, кейин қабр уни яна қайтадан бағрига олди. Ўша атрофда бир камир жун ё ип йигириб ўтирган экан. Бир аёл: «Ҳу анави кампирни кўраяпсизми?» деди. «Унга нима қипти?» дедим. «У ҳалигининг онаси» деди. «Унга нима бўлган ўзи?» дедим. «У ароқ ичар, уйига келганида онаси: «Эй болам, Аллоҳдан қўрқ, токайгача ароқ ичасан?!» деб койирди. У эса онасига: «Сен худди эшакка ўхшаб ҳанграяпсан» дерди. Бир куни асрдан кейин ўлди. Шундан бери ҳар куни асрдан кейин қабридан чиқиб келиб, уч марта ҳанграйди, кейин яна қабрига кириб кетади» деди. (Асбаҳоний ривоят қилиб, шундай дейди: «Абул-Аббос Нишопурда ҳофизлар ҳозирлигида Ал-Асомга айтиб берганида у буни инкор қилмаган», Саҳиҳут-тарғиб: 2517).

Аёлига итоатни ота-онага итоатдан, аёлининг розилигини ота-она розилигидан устун қўйиш ота-онага оқ бўлиш жумласидандир

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Менинг никоҳимда ўзим суйган, лекин (отам) Умар розияллоҳу анҳу ёқтирмаган бир аёл бор эди. Менга уни талоқ қилишга буюрганида мен кўнмадим. Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, у зотга буни айтиб бердилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Уни талоқ қил», дедилар» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши унинг ҳузурига келиб: «Менинг бир аёлим бор, онам уни талоқ қилишга буюряпти», деди. Абу Дардо айтдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ота жаннатнинг энг яхши-олий дарвозасидир. Хоҳласанг бу дарвозани йўқ қил, хоҳласанг сақлаб қол» деб айтаётганларини эшитганман» (Термизий ривояти).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ўнта нарсани васият қилиб, дедилар: «Ўлдирилсанг-да, ўтга ташлансанг-да Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирма, ота-онанг сенга аҳлинг-аёлингдан ҳам, молингдан ҳам воз кечишингни буюрсалар-да уларга итоатсиз бўлма…» (Аҳмад, Табароний ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 569).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озод қилган чўрилари Умайма розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларига сув қуйиб бериб турган эдим, бир киши кириб: «Менга васият қилинг» деди. У зот: «Бурдалансанг-да, ўтга ташлансанг-да Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирма. Ота-онангга осий бўлма. Агар улар сени аҳлингдан ва мол-дунёингдан воз кечишга буюрсалар, воз кеч», дедилар (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 570).

Аллоҳнинг ғазабидан ва ота-онанинг ғазабидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз, Аллоҳдан бизларни қариндошлар билан алоқа қиладиган кишилардан қилишини, улардан алоқани узадиган кимсалардан қилмаслигини сўраймиз. У эшитувчи ва яқин Зотдир.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

[1] Шундоқ экан, ота-онангизнинг қарғишини эмас, хайрли дуосини олишга қаттиқ тиришинг! Қанча-қанча фарзандлар борки, ота-онанинг ё улардан бирининг дуоси сабабли обод дунёлари хароб ва емирилишга, заволу йўқликка юз тутган. Ота-оналарнинг фарзандга қилган дуоибадлари умрларни завол топтиради, ризқларни қияди. Оқпадар бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинг!

[2] Демак, онанинг чақириғига
жавоб бериш фарз, уни нафл намоздан муқаддам қўйилади. Намознинг фарзлиги
онанинг чақириғига жавоб бериш фарзлигидан муқаддам турмайди, фақат қачонки фарз
намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлгандагина муқаддам қўйилади.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.