Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

05. Фарзандларнинг оталар зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқлари

Фарзандининг ахлоқ-одобига, таълим-тарбиясига эътибор бериш, унга
панд-насиҳат қилиш, яхши муомала қилиш, меҳр-шафқат кўрсатиш, совға-саломда
фарзандлар ўртасида адолат қилиш ва бунда улар ўртасини айирмаслик[1] фарзандларнинг оталар
зиммасидаги ҳақларидандир

Аллоҳ таоло айтади:

«Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намозни адо қилишда) сабрли бўлинг!» (Тоҳа: 132).

«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим: 6).

«Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огохлантиринг!» (Шуъаро: 214).

«Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).

«(Луқмон деди): Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (бир зарра яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас у (амал) бирон харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани-да Аллоҳ (қиёмт куни) келтирур. Зеро Аллоҳ сергак ва огоҳдир. Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонлиқдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балоларга) сабр-қил! Албатта мана шу ишларнинг мақсадга мувофиғидир. Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру-ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас. Юрганингда ўртача юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёмони эшаклар овозидир». (Луқмон: 16-19).

Фарзандлар омонат, оталар бу омонатдан жавобгардирлар

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан (қўл остингиздагилардан) масъулсиз. Имом роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида роъия ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мулкида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Хуллас, ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ўз раиятингиздан масъулсиз» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўз қарамоғида бўлганларни зое қилиши[2] кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 273).

Фарзанднинг ҳали дунёга келишидан илгариги ҳақ-ҳуқуқлари
Ота фарзанди учун диндор ва гўзал хулқ соҳибаси бўлган солиҳа она танлаши фарзанднинг ота зиммасидаги ҳақларидан[3]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Aёл кишигa 4 сaбaб учун уйлaнилaди: Бoйлиги, нaсaби, ҳусни ёки дини учун. Шундaй экaн, сeн диндoригa уйлaнишгa ҳaрaкaт қил, қўлинг тупроққа тўлгур[4]», дeдилaр (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунё матодир вa дунё матоларининг энг яxшиси сoлиҳa aёлдир» (Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бўлажак фарзандларингиз учун (онани) танлангиз, ўз тенгингизга уйланинг ва (қизларингизни) ўз тенгларига узатингиз» (Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 2928).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У: «Ё Расулуллоҳ, мол-давлатнинг қайси турига эга бўлсак бўлади?» деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳгa шукр қилувчи қaлб, Аллоҳни ёддa тутувчи (зикр қилувчи) тил вa охират ишларида ёрдaм бeрувчи мўмина aёлга эга бўлингиз» (Саҳиҳу сунан Ибн Можа: 1505).

Жинсий алоқадан олдин «Бисмиллаҳ» дейиши ва шайтондан паноҳ тилаши ҳам фарзанднинг ота зиммасидаги ҳақларидан

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Агар бирларингиз аёли билан қўшилмоқчи бўлганда: «Бисмиллаҳ, эй Аллоҳим! Биздан ва бизга ризқ қилиб берадиганинг (фарзанд)дан шайтонни йироқ қилгин», деса, ўрталарида фарзанд тақдир қилинган бўлса, шайтон у болага асло зарар етказа олмайди» (Муттафақун алайҳ).

Фарзандига ҳомиладор пайтида онага ҳаром таом едирмаслиги фарзанднинг ота зиммасидаги ҳақларидан[5]

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳаромдан униб-ўсган эт жаннатга кирмайди, ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқдир» (Аҳмад, Доримий, Байҳақий ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ пок Зот, фақат покиза нарсаларни қабул қилади, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрди: «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар!» (Муъминун: 51), «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз покиза нарсалардан енглар» (Бақара: 172). Сўнгра у зот узоқ йўл босиб сочлари тўзғиган, чангга беланган, қўлларини кўкка чўзиб: «Эй Роббим, эй Роббим!», деб дуо қилаётган, бироқ егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида сўзлаб: «Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!», дедилар (Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Абу Бакрнинг бир ғуломи унга хирож бериб турарди, Абу Бакр унинг хирожидан ердилар. У бир куни бир нима келтирди, Абу Бакр ундан едилар. Ғулом унга: «Бунинг нималигини биласизми?» деди. «Нима эди?» дедилар. «Жоҳилият пайтида бир одамга фолбинлик қилган эдим, аслида фолбинликни яхши билмас, бироқ уни алдаган эдим, ўшанинг ҳаққини энди берди, бу еганингиз ўшандан эди», деди. Шунда Абу Бакр қўлларини оғизларига киритиб, еган барча нарсаларини қусиб юбордилар. (Бухорий ривояти).

Туғилгандан кейинги ҳақ-ҳуқуқлар
Бола дунёга келган дастлабки соатларда унинг ўнг қулоғига азон айтиши, хурмони чайнаб, ширасини унинг оғзига томизиши, еттинчи куни ақиқа[6] сўйиши, чиройли исм қўйиб, сочини олиши фарзанднинг ота зиммасидаги ҳақларидан

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фотима розияллоҳу анҳо Ҳасан ибн Алийни туққанларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қулоғига намоз азонини айтганларини кўрдим» (Термизий, Абу Довуд ривояти, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4258).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига чақалоқлар олиб келинарди, шунда у зот уларга барака тилаб дуо қилар ва таҳник қилиб қўярдилар, яъни хурмони чайнаб, ширасини уларнинг танглайларига суртиб қўяр эдилар (Муслим, Абу Довуд ривоятлари).

Салмон ибн Омир ад-Доббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Чақалоқ ақиқаси билан биргадир, унинг номидан қон чиқаринглар ва ундан озорни кетказинглар[7]» (Бухорий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5877).

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир чақалоқ ақиқасига гаровлангандир[8], ақиқаси бола етти кунлик бўлганда сўйилади ва болага исм қўйилади ҳамда сочи олинади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 2463).

Умму Карз ал-Каъбийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ўғил болага баробар катталикдаги иккита қўй, қиз болага битта қўй (сўйилади)» деганларини эшитганман (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 2458).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳунинг (عاصية) Осия (гуноҳкор) деган қизи бор эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Жамила деб номладилар (Термизий, Ибн Можа ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 1981).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Зайнаб бинт Абу Саламанинг исми аслида Барра (олийжаноб, яхшилик қилувчи) эди, «ўзини мақтаяпти» деган гап бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Зайнаб деб номладилар (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслим ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингизни мақтамангиз, Аллоҳ сизлардан қай бирингиз яхшилик аҳлидан эканини билувчироқдир», дедилар. «Нима деб номлайлик?» деб сўрашган эди: «Зайнаб деб номланглар», дедилар.

Шурайҳ ибн Ҳониъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавм ўзларидан бўлган бир кишини Абдулҳажар (Тошнинг қули) деб аташаётганини кўриб, ундан: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Абдулҳажар» деб жавоб берди. «Йўқ, сен Абдуллоҳ (Аллоҳнинг қули)сан», дедилар (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 623).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хунук исмларни ўзгартириб қўярдилар (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1980).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бизлардан бир киши ўғил кўриб, уни Қосим деб номлади. Шунда биз: «Сени Абулқосим деб куняламаймиз[9], сен бу шарафга лойиқ эмассан», дедик. У бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эди, у зот: «Ўғлингни Абдурраҳмон деб исмла», дедилар (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менинг исмим билан кунямни ўзингизга жамламангиз! Мен Абулқосимман, Аллоҳ ато этади, мен тақсимлайман[10]» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад», Термизий, Ибн Ҳиббон, Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2946).

Болага таълим-тарбия[11] ва одоб-ахлоқ бериши ҳам фарзанднинг ота зиммасидаги ҳақларидан

Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Болани етти ёшга кирганида намозга буюринглар, ўн ёшга кирганида намоз ўқимаса уринглар!» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 508).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Болаларингизни етти ёшга кирганларида намозга буюринглар, ўн ёшга кирганда намоз ўқимасалар уринглар ва ётоқ жойларини ажратиб қўйинглар», дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 586).

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ёш бола эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлим товоқ устида ўйнаётганини кўриб: «Эй болам, «Бисмиллаҳ» дегин, ўнг қўлинг билан ва ўз олдингдан егин», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ёш йигитлик давримизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлганмиз, Қуръон ўрганишдан олдин иймонни ўргандик, сўнг Қуръонни ўрганиб, у билан иймонимиз зиёдаланди» (Саҳиҳу сунан Ибн Можа: 52).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир куни мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларига мингашган эдим, менга айтдиларки: «Эй йигит, мен сенга ҳадя берайинми, мен сенга Аллоҳ улар билан сени фойдалантирадиган бир неча калималарни таълим берайинми? Аллоҳни ёдда тут, сени Аллоҳ ёдда тутади, Аллоҳни ёдингда тут, У зотни рўпарангда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг Аллоҳдан иста. Билгинки, қалам то қиёматгача бўладиган нарсаларни ёзиб бўлган. Билгинки, бутун халойиқлар Аллоҳ сенга ирода қилмаган нарсани сен учун ирода қилсалар, унга қодир бўла олмайдилар. Билгинки, ғалаба сабр билан, роҳат эса кулфат билан биргадир, ҳар бир машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир» (Ибн Аби Осим «Сунна»да ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кечанинг аввалида болаларингизни кўчага чиқарманглар, чунки жин-шайтонлар ўша пайтда тарқалишади. Кечадан бир муддати ўтгач, чиқараверинглар» (Муттафақун алайҳ).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қоронғи тушган пайт болаларингизни йиғиб олинглар, чунки жинларнинг ёйилиш ва изғиш пайти бўлади» (Абу Довуд, Саҳиҳул-жомиъ: 4492).

Абу Саид ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким фарзанд кўрса, чиройли исм қўйсин ва яхши одоб берсин, балоғатга етгач уйлантириб қўйсин, агар балоғатга етгач уйлантириб қўймаса ва у бирон гуноҳ иш қилиб қўйса, гуноҳи отасининг бўйнига» (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган, Мишкотул-масобиҳ: 3138).

[1] Баъзан фарзандларнинг эҳтиёжларига қараб уларга бериладиган нарсалар фарқли бўлиши мумкин, бунинг ёмон жойи йўқ, иншааллоҳ. Аммо, совға-салом беришда ўғил-қизлар ўртасида тенглик бўлиши лозим. Агар ҳаммасига бирдек ҳадя беришга қодир бўлмаса, баъзиларига бериб, баъзиларига беролмаса, бермаган болаларидан изн сўраши ва уларга узр айтиши керак бўлади, валлоҳу аълам.

[2] Зое қилиш дегани нафақа ва эҳтиёжларини зое қилишгина бўлмай, балки уларнинг дин ва ахлоқларида зое қилиш, уларга ахлоқ-одоб ўргатмаслик ва диний таълим бермаслик, Аллоҳга ибодат қилишадими ё тоғутга сиғинишадими, бефарқ қолдирмаслик ҳамдир.

[3] Қанча-қанча оталар борки, фарзандларига солиҳ исломий тарбия беришни орзу қилишган, бироқ ноқобил аёллари сабабли бу орзулари рўёбга чиқмай қолган!

[4] Яъни, агар диндорига уйланмасанг фақирликка дучор бўлгур.

[5] Фарзанд отанинг касби ва жигарбанди, агар Аллоҳ таоло уни муборакли қилишини истаса, онасининг қорнида бўлсин, туғилганидан кейин бўлсин, фақат ҳалолдан едириб-ичирсин. Ҳаром билан униб-ўсган жасадга Аллоҳ барака бермайди.

[6] Ақиқа янги туғилган боланинг номидан еттти кунлигида сўйиладиган қўй бўлиб, ўғил болага иккита, қиз болага битта қўй сўйилади.

[7] Озорни кетказиш сочини олиш билан бўлади, соч вазнида кумуш садақа қилиш суннатдир.

[8] Гаровланиш маъносини уламолар: бола қиёмат куни отасига шафоатчи бўлишдан тўсиб қўйилади, деб тафсир қилишган, бундан кенгроқ маъно мурод бўлиши ҳам мумкин. Ушбу ҳадис ақиқанинг вожиблигига далолат қилувчи далиллар жумласидандир, валлоҳу аълам.

[9] Чунки, у ҳолда унинг куняси (яъни, араблар одатига кўра фарзандининг исми олдига «Абу» (отаси) ёки «Умму» (онаси) деган сўз қўшиб айтиладиган лақаби) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абулқосим деб аталувчи куняларига ўхшаб қолар эди, у зот ўз исмлари билан исмлашга изн берганлар, бироқ кунялари билан куняланишдан қайтарганлар.

[10] Қосим – тақсимловчи маъносини англатишига ишора.

[11] Таълим-тарбиядан мурод
асосан диний-шаръий таълим, яъни Аллоҳнинг Каломи, Пайғамбарининг суннатлари ва
салафи солиҳнинг сўзларидир. Зеро, оталар дунёвий илмлар ўргатиш соҳасида
маслаҳат ва тавсияга кўп ҳам муҳтож эмаслар!!!

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.