Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

10. Мусулмон ҳокимнинг фуқаролар устидаги ҳақ-ҳуқуқлари

Мусулмон ҳокимнинг ўз раияти (яъни фуқаролар) устида
бир қанча ҳақлари бор. Масалан, яхши ишларда унга итоат қилишлари – Аллоҳга осий
бўладиган ишларда унга итоат қилинмайди – унга холис насиҳат қилишлари, унинг
обрўсига путур етказмайдиган ҳолда риёсиз амри маъруф ва наҳий мункар қилишлари,
унинг тарафидан очиқ-ошкор куфр зоҳир бўлмаган ҳолда ундан ҳокимият
талашмасликлари ва унга қарши қилич (қурол) кўтариб чиқмасликлари шу
жумладандир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59).

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар» (Тағобун: 16).

«Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, сизларни кетингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўрувчиларга айланиб қоласизлар» (Оли Имрон: 149).

«Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай»[1] (Нисо: 141).

«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Раб (илоҳ) қилиб олдилар» (Тавба: 31).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким менга итоат қилса, шубҳасиз у Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осий бўлса, шубҳасиз у Аллоҳга осий бўлибди. Ким менинг амиримга итоат қилса, шубҳасиз у менга итоат қилибди. Ким амиримга осий бўлса, шубҳасиз у менга осий бўлибди» (Муттафақун алайҳ).

Уммул-Ҳусойн розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар сизларга қулоқ-бурни кесилган қул амир қилинса-да, сизларни Аллоҳнинг Китоби билан бошқарар экан, унга қулоқ солиб, итоат қилинглар!» (Муслим ривояти).

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қулоқ солиб, итоат қилувчи кишининг зиёнига ҳужжат йўқ, эшитиб туриб итоат қилмаган кишининг фойдасига ҳужжат йўқ» (Аҳмад, Ибн Аби Осим «Сунна»да ривояти, Албоний саҳиҳ санаган: 1056).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким (имом-бошлиққа) итоатдан ўзини тортса, қиёмат куни Аллоҳ таолога (ўзини оқлайдиган) бирон ҳужжати бўлмаган ҳолда йўлиқади, ким бўйнида байъат бўлмаган ҳолда ўлса жоҳилият ўлимидек ўлим топади»[2] (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким (имом-бошлиққа) итоатдан чиқиб ва жамоатдан ажралиб ўлса, жоҳилият ўлимидек ўлим топади. Ким мавҳум (Исломникидан бошқа миллатчилик, ватанпарастлик каби) байроқ остида, таассубчилик устида ғазаб қилиб, таассубчиликка чақириб, таассубчиликка ёрдам бериб жанг қилса ва ўлдирилса, жоҳилият ўлимини топган бўлади. Ким умматимга қарши чиқиб, унинг яхшисини ҳам, фожирини ҳам (бўйнига қилич) урса, мўмини(га зулм қилиш)дан тортинмаса, аҳдлашган одамининг аҳдига вафо қилмаса, у мендан эмас, мен ундан эмасман» (Муслим ривояти).

Итоат фақат яхши ишлардадир, зеро Холиққа осий бўлинадиган ишларда махлуққа итоат қилинмайди

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон одам модомики гуноҳларга буюрилмас экан, яхши кўрган ишларида ҳам, ёмон кўрган ишларида ҳам (амирларга) қулоқ солиб, итоат этиши лозим. Агар гуноҳга буюрилса, қулоқ солиш ва итоат этиш йўқ» (Муттафақун алайҳ).

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга осийлик бўладиган ишда (буюрувчига) итоат қилинмайди, итоат фақат маъруф-яхши ишлардадир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир ҳоким сизларни бирон маъсиятга буюрса, унга итоат қилманглар!» (Аҳмад, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2324).

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Холиққа осийлик қилатуриб махлуққа итоат қилинмайди» (Шайх Носир «Мишкот»да саҳиҳ санаган: 3696).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Имом (халифа) модомики Аллоҳнинг маъсиятига буюрмас экан, унга итоат қилиш мусулмон киши зиммасидаги ҳақдир. Агар Аллоҳнинг маъсиятига буюрса, унга итоат қилмайди» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 752).

Мусулмон фуқаролар адолатли мусулмон халифани унга қарши қилич кўтариб чиқувчи кимсалардан – улар қандай сифатдаги кишилар ва қандай баҳонаю сабаблари бор эканидан қатъий назар – ҳимоя қилишлари лозим[3].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир имом (халифа)га байъат қилиб, қўлининг кафтини ва қалбининг самарасини (яъни ихлос билан аҳду паймон) берган бўлса, қўлидан келганича унга итоат қилсин! Агар бошқа бирон кимса (шаръий сабабсиз) у билан ҳокимият талашиб ўртага чиқса, унинг бўйнига (қилич) солинглар!» (Муслим ривояти).

Арфажа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Келажакда кўп фитна ва фасодлар юз беради. Кимда-ким ушбу умматнинг (бир халифага итоат қилиб,) жам бўлиб туришини бўлиб ташлашни истаса, ким бўлишидан қатъий назар, уни қилич билан чопинглар!» (Муслим ривояти).

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар иккита халифага байъат берилса, иккинчисини ўлдиринглар!» (Муслим ривояти).

Арфажа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ишларингиз бир кишининг қўлида жамланиб турган ҳолида биров сизларга келиб бирлигингизга путур етказишни ёки жамоатингизни бўлиб ташлашни истаса, уни ўлдиринглар!» (Муслим ривояти).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткорнинг хиёнати миқдорига қараб кўтариладиган ўз байроғи бўлади. Огоҳ бўлингиз, омманинг амирига (яъни халифага) хиёнат қилган кишидан каттароқ хиёнаткор бўлмайди» (Муслим ривояти).

Мусулмон ҳокимлардан баъзи зулмлар зоҳир бўлса, модомики очиқ куфр даражасига етиб бормаган бўлса, уларга сабр қилиш лозим

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки амиридан бирон ёқтирмайдиган ишни кўрса, унга сабр қилсин. Чунки жамоатдан бир қарич бўлса ҳам чиқиб, шу ҳолда ўлган одам фақат жоҳилият ўлими билан ўлади» (Муттафақун алайҳи).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан сўнг (ҳокимлардан) худбинлик ва мункар ишларни кўрасизлар», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, бизларни (ўшандай ҳолда) нима қилишга буюрасиз?» деб сўрадилар. «Уларнинг (итоатдан бўлган) ҳақларини адо қилинглар ва Аллоҳдан ўз ҳақларингизни сўранглар», деб жавоб бердилар (Бухорий ривояти).

Нофеъ раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: Мадина аҳли Язид ибн Муовияни халифаликдан бўшатгач, Ибн Умар ўз хизматкорлари ва фарзандларини йиғиб, уларга шундай деди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткорга байроқ тикилади» деганларини эшитганман. Биз бу одамга Аллоҳ ва Расулининг байъати устида байъат берганмиз. Мен Аллоҳ ва Расулининг байъати устида бир одамга байъат берилиб туриб, сўнг унга қарши уруш қилинишидан кўра каттароқ хиёнатни билмайман. Мен сизлардан бирон киши уни бўшатганини ва шу ишни қилишга аҳдлашганини билсам, ўртамиз шу билан ажралади».

Ҳузайфа ибнул-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Гарчи орқангга саваланса ҳам, молингни тортиб олинса ҳам қулок солиб итоат этасан. Амирингга итоат эт!», дедилар (Муслим ривояти).

Салама ибн Язид ал-Жуъфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, нима дейсиз, агар амирлар устимизда туриб, ўз ҳақларини талаб қилсалар ва бизнинг ҳаққимизни бермасалар, нима қилишимизга буюрасиз?», деб сўраган эди, у зот ундан юз ўгирдилар. Яна сўраган эди, яна юз ўгирдилар. Учинчи марта сўраганида Ашъас ибн Қайс уни четга тортди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қулоқ солинглар ва итоат қилинглар! Уларга ўзларига юклатилган (мажбуриятлар), сизларга ўзларингизга юклатилган (мажбуриятлар) мавжуд», дедилар[4] (Муслим ривояти).

Авф ибн Молик ал-Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Огоҳ бўлинглар! Кимки ўзига волий қилинган волий (ҳоким) тарафидан Аллоҳнинг маъсиятидан бирон нарсани кўрса, унинг қилаётган маъсиятини ёмон кўрсин, бироқ итоатидан қўлини тортмасин» (Муслим ривояти).

Ҳузайфа ибнул-Ямон ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар: «Сўнг залолатга чорловчилар бўлади. Ўша кунда ер юзида халифа бор эканини кўрсанг, гарчи у сени (уриб) ҳолдан тойдирса-да, молингни тортиб олса-да, уни маҳкам тут[5]. Агар халифани топмасанг, гарчи дарахтнинг томирини тишлаган ҳолда ўлиб кетсанг ҳам, у ердан қоч»[6] (Абу Довуд, Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 791).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қийинчилик пайтларда ҳам, енгилчилик пайтларда ҳам, яхши кўрган ишларингда ҳам, ёмон кўрган ишларингда ҳам, ҳақ-ҳуқуқингни ман қилганда ҳам, молингни есалар ва орқангга урсалар ҳам (амирга) қулоқ сол ва итоат қил» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ибн Аби Осим ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадина масжиди ичида эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, оёқлари билан туртдилар ва: «Ҳа, ухлаяпсизми?!», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, кўзим илинибди», дедим. «Агар бу ердан қувиб чиқарсалар нима қиласиз?», дедилар. «Муқаддас, муборак ер – Шомга кетишни афзал кўраман», дедим. «У ердан ҳам чиқарсалар нима қиласиз?», дедилар. «Нима ҳам қилардим, қиличимни ишга соламан, ё Расулуллоҳ», дедим. «Сизни бундан кўра яхшироқ ва тўғрироқ ишга йўллаб қўяйми?» – дедилар икки бор – «қулоқ соласиз, итоат қиласиз, ҳайдаган томонларига кетасиз» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ибн Аби Осим ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, айтингчи, агар амирлар устимизда туриб, ўз ҳақларини талаб қилсалар ва бизнинг ҳаққимизни бермасалар, нима қилишимизга буюрасиз?», деб сўраган эди, «Қулоқ солинглар ва итоат қилинглар! Уларга ўзларига юклатилган (мажбуриятлар), сизларга ўзларингизга юклатилган (мажбуриятлар) мавжуд», дедилар (Муслим ривояти).

Агар ҳокимдан Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг ҳадисларида очиқ баён қилинган куфр зоҳир бўлса ва у ушбу куфрида давом этса, у ҳолда унга асло итаот қилинмайди, уммат то уни бўшатиб, ўрнига адолатли мусулмон ҳокимни ўрнатмагунича унга қарши қилич ва куч билан қарши чиқиши керак бўлади

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни чақирдилар, биз у зотга байъат бердик. Биздан байъат олган ишлар ичида тетиклик пайтимизда ҳам, ғайратсиз пайтимиз ҳам, қийинчилик пайтларда ҳам, енгилчилик пайтларда ҳам, ҳақ-ҳуқуқларимизни ман қилганида ҳам (амирларга) қулоқ солиб, итоат қилиш, иш эгалари (амирлар) билан ҳокимият талашмаслик бор эди, «Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга амирлар таъйин қилинади. Сизлар улардан яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам кўрасизлар. Ким (уларнинг ёмонликларини) ёмон кўрса, улардан пок бўлибди ва гуноҳларига шерик бўлмабди. Ким (уларнинг ёмонликларини) инкор этса, (бу гуноҳ уқубатидан) қутулибди. Бироқ, уларнинг ёмонликларига рози бўлган ва эргашган киши (ундай эмасдир)», дедилар[7]. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, улар билан уруш қилайликми?», деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Модомики, намоз ўқир эканлар, йўқ», деб жавоб бердилар[8]. (Муслим ривояти).

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳокимларингизнинг яхшироғи сизлар яхши кўрадиган ва сизларни ҳам яхши кўрадиган, ҳаққингизга дуо қиладиган, сизлар ҳам улар ҳаққига дуо қиладиганларингиздир. Ҳокимларингизнинг ёмонроғи сизлар ёмон кўрадиган ва сизларни ҳам ёмон кўрадиган, сизлар уларни лаънатлайдиган ва улар ҳам сизларни лаънатлайдиганларидир». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, уларга қилич билан қарши турмайликми?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ««Йўқ!» Модомики, сизларнинг ичингизда намозни қоим қилар эканлар. ««Йўқ!» модомики, сизларнинг ичингизда намозни қоим қилар эканлар», дедилар (Муслим ривояти).

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Келгусида шундай амирлар бўладики, терилар уларга мулойим (яъни баданлар уларнинг итоатига мойил) бўлади, кўнгиллар уларга хотиржам бўлмайди. Сўнг шундай амирлар бўладики, улардан диллар жирканади, терилар титрайди». Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, уларга қарши урушсак бўлмайдими?», деди. «Модомики, намозни барпо қилар эканлар, йўқ», деб жавоб бердилар (Аҳмад, Ибн Аби Осим ривояти, Албоний саҳиҳ санаган).

Мусулмон ҳокимнинг раият устидаги ҳақларидан яна бири – улар унга холис насиҳат қилишлари, унга фақат яхшилик тилашларидир

Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин – насиҳат (холислик)дир». «Ким учун, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадик биз. «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар (Муслим ривояти).

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч нарса борки, улар устида мўминнинг қалби хиёнат қилмайди: амални Аллоҳ учун холис қилиш, волийларга насиҳат қилиш[9] ва мусулмонларнинг жамоатини лозим тутиш» (Ибн Аби Осим «Сунна»да ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бир киши волий қилинса ва Аллоҳ у учун яхшиликни ирода қилган бўлса, унга унутганини эслатадиган, эслаганини амалга оширишда ёрдам берадиган солиҳ вазирни ато этади» (Саҳиҳу сунанин-Насоий: 3920).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар қандай волийнинг албатта иккита сирдош кишиси бўлади: бири – унга амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган сирдош кишиси, иккинчиси – уни бузишда кучини аямайдиган сирдоши бўлади. Ким унинг ёмонлигидан сақланса, ҳақиқатда сақланган бўлади..» (Аҳмад, Насоий ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2270).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ бир амирга яхшиликни ирода қилса, унга унутса эслатадиган ва эсласа ёрдам берадиган содиқ вазир ато этади. Агар Аллоҳ унга бошқа нарсани ирода қилса, унутса эслатмайдиган ва эсласа ёрдам бермайдиган ёмон вазир ато этади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 2544).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши борки, қиёмат куни Аллоҳ уларга қиё боқмайди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бордир: саҳрода ортиқча суви бўла туриб, уни йўловчидан қизғанган киши; асрдан сўнг бир кишига матосини сота туриб унга Аллоҳ номи билан қасам ичиб, ўзи уни шунча-шунчага олганини айтган киши, аслида эса унчага олмаган; бир имом (халифа, амир)га) фақат дунё топиш мақсадида байъат берувчи, мол-дунё берса унга вафо қилиб, бермаса вафо қилмайдиган киши»[10] (Муттафақун алайҳ).

Муҳаммад ибн Зайддан ривоят қилинади: Одамлар унинг бобоси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога: «Биз султонлар олдига кирганимизда уларга бошқача гапирамиз-да, ташқарига чиққач бошқача гапирамиз[11]», дейишганда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Биз бундай қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида мунофиқлик деб ҳисоблар эдик», дедилар (Бухорий ривояти).

Абу Маъмардан ривоят қилинади: Бир киши туриб, амирлардан бири шаънига мақтов айтаётган эди, Миқдод розияллоҳу анҳу унинг юзига тупроқ соча бошлади ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни маддоҳлар юзига тупроқ сочишга буюрганлар», деди. (Муслим, Ҳоким, Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-адабил-муфрад: 258).

[1] Яъни, кофирларга мусулмонларни хорлаш ва йўқ қилиб юбориш имконини берадиган ҳокимият бермайди. Оят мазмунига кўра, мўминлар кофир кимсани ўзларига бошлиқ ва раҳбар деб эътироф этишлари жоиз бўлмайди. Саҳиҳ ҳадис борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мунофиққа саййид (жаноб) деб мурожаат қилманглар, агар у сизларнинг саййидингиз бўлса, Роббингиз азза ва жаллани ғазабнок қиласизлар», деганлар (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 371). Агар мунофиққаки шундай бўлса, куфрини очиқ-ошкор изҳор қилувчи кофир бўлатуриб, ислом ва мусулмонлар устидан ҳукмрон бўлиб турган кимсалар ҳақида нима дейиш мумкин?! Шак-шубҳасиз, бу Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишга сабабдир.

[2] Яъни, итоат қилинадиган имом (халифа, амир) бўлмаган жоҳилият пайтидагилар ўлими каби ўлим топади. Бундан мурод айримлар ўйлаганидек кофир бўлиб ўлади, дегани эмас!

[3] Ҳокимга итоат қилиш ва уни ҳимоя қилишга тааллуқли барча оят-ҳадислардан фақат давлатни барча жабҳаларда, ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда тўла Ислом билан бошқарадиган адолатли мусулмон ҳоким тушунилади. Яъни, муҳтарам ўқувчи ушбу далилларни Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм юритмайдиган, умматга ва унинг динига қарши уммат душманлари билан иттифоқ тузган, ўз тожу тахтларини сақлаб қолишдан, ўз фуқароларини қандай қилиб талашдан, ўз шаҳватлари ва манфаатларини қондиришдан бошқа ҳеч нарсани ўйламайдиган куфр, зулм ва фожирлик ҳомийлари бўлган ҳокимлару тоғутларни ҳимоя қилишга ишлатмаслиги лозим.

[4] Яъни, ҳар ким қиёмат куни ўзига юклатилган мажбурият ва омонатларни шаръий йўсинда адо қилдими, йўқми, шу ҳақда сўралади.

[5] Яъни, умумий равишда ва маъруф ишларда унинг итоатидан чиқма. Лекин бу нарса ўзингдан зулмни аритишга, итоатдан ва жамоатдан чиқишга олиб бормайдиган воситалар билан ўз ҳақ-ҳуқуқларингни ҳосил қилишга монеълик қилмайди. Бу дегани – бир томондан ижобий итоат, иккинчи томондан ижобий ва онгли қарши чиқиш демакдир.

[6] Яъни, ундай фитна еридан қочиб, ғариб-мусофирликда, дарахт илдизини тишлаган ҳолингда (Бундан мақсад адашганларга қўшилиб қолишдан қаттиқ эҳтиёт бўлишга тарғиб. У қўллари билан дарахтнинг ер бетига чиқиб қолган илдизларини ушлагани етмагандек тишлари билан ҳам уни маҳкам тишлаб олади) ўлиб кетишинг адашган ва бидъатчи фирқа ва жамоатларга қўшилишингдан кўра яхшироқдир. Бундай фирқалар бугунга келиб ғоят кўпайиб кетган! Киши ўзини шу йўсин четга тортиши охирги чора бўлиб, ислоҳ ва исломий ҳаётни янгитдан бошлаш имконини берадиган барча йўллар тўсилгачгина ёки бу ҳолатни тузатиш ва жиҳод қилиш, амру маъруф ва наҳий мункар қилиш имкони қолмаган тақдирдагина унга қўл урилади.

[7] Яъни, уларнинг ҳолатига рози бўлган ва уларнинг ботилларига ва зулмларига эргашган кишиларга гуноҳ бўлади. Демак, фосиқ мусулмон ҳокимга қарши чиқмаслик кераклиги унинг ҳолига рози бўлиш ва зулму ботилига эргашиб кетаверишни лозим тутмайди. Қилич кўтариб чиқиш бошқа нарса, ботилга эргашмаслик бошқа нарсадир.

[8] Уларнинг фосиқликлари ҳар қанча кучаймасин, модомики очиқ куфрни изҳор қилишмаса, намоз ўқишлари ва намозга буюришлари уларга қилич билан қарши чиқишдан тўсадиган монеъ деб эътибор қилинади. Ҳадисдан маълум бўладики, намоз ўқимайдиган ва намозга буюрмайдиган ҳоким кофир ва муртад саналиб, унга қарши чиқиш вожиб бўлади, валлоҳу аълам.

[9] Волий – раҳбарларга насиҳат қилиш уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, ҳақ устида ёрдам бериш ва зулмдан қайтариш, уларга яхшилик тилаш, уларни улуғлашда ғулув кетмаслик ва тилёғламалик қилмаслик, яхши ишларда уларга итоат қилиш, дунё ва охират яхшилиги бўлган ишларда уларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳалокат ва нажот ўринларини танитиш, кўзларига ботилни зийнатли, ҳақни эса ёмон кўрсатиш билан уларга хиёнат қилмаслик каби маъноларни ўз ичига олади.

[10] Ҳозирги даврда ҳукмрон бўлган, инсон ақли билан тузилган тузумларнинг аҳволи худди шундан бошқа эмас. Чунки улардаги ҳукуматга мухолафатда бўлган сиёсий партияларнинг, шунингдек, ташкилотлар, жамиятлар, уруғ-қабилаларнинг ҳукумат билан бўлган алоқаси савдолашиш ва тортишиш асосига қурилган бўлиб, ҳукмрон тузум уларга ҳукуматда қанча ўрин ва вазифа ажратишига, ҳукуматдан қанча нарса ундириб олишига қараб ҳокимга ва унинг ҳукуматига ғазаб ё розилик, адоват ё дўстона муносабат, узоқлик ё яқинлик изҳор қилишади. Лекин ундайлар исломий раббоний тузум мезони билан ўлчанганда қиёмат куни Аллоҳ раҳмат назари билан боқмайдиган, покламайдиган ва аламли азобга дучор қиладиган мунофиқлардан саналадилар,

[11] Ҳозирги замонда жуда
кўп машойих ва дин пешволарининг аҳволи ҳам шунга ўхшайди. Ҳоким ва бошлиқларга
насиҳат қилиш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш баҳонаси билан уларга
яқинлашишга қаттиқ ҳаракат қиладилар. Улар ҳузурига киргач эса ботилларини ва
зулмларини оқлаб беришади, мункарга буюриб, маъруфдан қайтаришади. Бошқача қилиб
айтганда, улар ҳузурига бир дин билан кириб, бутунлай бошқа дин билан
чиқишади.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Батафсил

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Батафсил

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Батафсил

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Батафсил

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Батафсил

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Батафсил

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Батафсил

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Батафсил

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Батафсил

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Батафсил

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.

en_USEnglish