Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

16.2 Ходим ёки қулнинг иш берувчи ёки хўжайини устидаги ҳақлари

Қулларни озод қилишга бўлган буйруқлар[1]

Аллоҳ таоло айтади:

«Бас, у (мақтанчоқ кимса яхшилик) довонини ошиб ўтмади! (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), довон (ошиш) нима эканини сиз қаердан билар эдингиз? (У бир қул) бўйнини (қулликдан) озод қилишдир» (Балад: 11-13).

«Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилув­чилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар» (Бақара: 177).

«Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир»[2] (Тавба: 60).

«(Эй мўминлар,) қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан беринглар!» (Нур: 33).

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, менга бир амални таълим берингки, у мени жаннатга олиб кирсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гарчи сўзинг қисқа бўлса-да, жуда катта масалани сўрадинг. Жонни (қулликдан) озод қил, бўйинни (бандиликдан) бўшат», дедилар. У: «Иккови бир эмасми?», деб сўради. «Йўқ, жонни озод қилиш – қулни бир ўзинг озод қилишинг, бўйинни бўшатиш – унинг пулида (ёрдам) беришинг», дедилар (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1898).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита ғуломни етаклаб келиб, биттасини Алий розияллоҳу анҳуга ҳадя қилдилар ва: «Уни урманг, чунки мен намоз аҳлини уришдан қайтарилганман, мен йўлда келаётганимизда унинг намоз ўқиганини кўрдим», дедилар. Яна бирини Абу Зар розияллоҳу анҳуга бердилар ва: «Унга яхшилик қилинг», дедилар. Абу Зар уни озод қилиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Ҳалиги ғулом нима бўлди?» деб сўраганларида: «Унга яхшилик қилишимга буюрган эдингиз, озод қилиб юбордим», деди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 121).

Асмо бинт Аби Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш тутилганда қул озод қилишга буюрдилар» (Бухорий ривояти).

Асмо бинт Аби Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бизлар қуёш тутилган пайт қул озод қилишга буюрилар эдик» (Бухорий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўшни хусусида Жибрил алайҳис-салом менга шунчалик кўп насиҳат этдики, ҳатто мен қўшнини қўшнига меросхўр қилса керак, деб ўйлаб қолдим, мамлук-қул ҳақида шунчалик кўп насиҳат қилдики, ҳатто мен у учун бир вақт ёки муҳлат белгилайди ва ўша муҳлат етганда албатта озод қилинса керак, деб ўйлаб қолдим» (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган ва: «Бухорий ва Муслим шартига кўра саҳиҳ» деган).

Умар розияллоҳу анҳуга тиғ урилиб, вафоти яқинлашгандаги васиятлари орасида: «Қўл остимдаги қуллар ҳаммаси озод» деган сўзлар бор эди (Албоний «Ал-ирвоъ»да (1686) иснодини саҳиҳ деган).

Қул озод қилган кишига қанча ажру савоб берилади

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши мусулмон кишини озод қилса, унинг ҳар бир аъзоси муқобилида Аллоҳ унинг бир аъзосини дўзахдан халос қилади». Саид ибн Маржона айтади: Мен ушбу ҳадисни Алий ибн Ҳусайнга айтиб берган эдим, у — Абдуллоҳ ибн Жаъфар унинг муқобилида ўн минг дирҳам ёки минг динор тўлаган — қулини чақириб, уни озод қилиб юборди (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мусулмон қулни озод қилса, унинг ҳар бир аъзоси муқобилида Аллоҳ унинг бир аъзосини, ҳатто жинсий аъзоси муқобилида жинсий аъзосини дўзахдан халос қилади» (Муттафақун алайҳ).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг жорияси (чўриси) бор бўлиб, уни чиройли парвариш қилса, сўнг озод қилиб, унга уйланса, у одамга иккита ажр бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмон киши бир мусулмон кишини озод қилса, бу у учун дўзахдан қутулиш бўлади, унинг ҳар бир аъзоси бунинг бир аъзосига кифоя қилади. Қай бир мусулмон киши иккита муслимани озод қилса, бу у учун дўзахдан қутулиш бўлади, уларнинг ҳар бир аъзоси бунинг бир аъзосига кифоя қилади. Қай бир мусулмон аёл бир мусулмон аёлни озод қилса, бу у учун дўзахдан қутулиш бўлади, унинг ҳар бир аъзоси бунинг бир аъзосига кифоя қилади» (Термизий ривоят қилиб, ҳасан саҳиҳ ҳадис деган, Саҳиҳут-тарғиб: 1891).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мўмин қулни озод қилса, бу у учун дўзахдан қутулиш бўлади» (Аҳмад саҳиҳ иснод билан ва бошқалар ривоят қилган, Саҳиҳут-тарғиб: 1893).

Шуъба ал-Куфийдан ривоят қилинади: Биз Абу Бурда ибн Абу Мусо ҳузурида эдик, у деди: «Эй болаларим, мен сизларга отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисни айтиб берайми? У зот айтган эканлар: «Ким бир қулни озод қилса, унинг ҳар бир аъзоси муқобилида Аллоҳ унинг бир аъзосини дўзахдан халос қилади» (Аҳмад ривоят қилган, ровийлари ишончли, Саҳиҳут-тарғиб: 1894).

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмон киши бир мусулмон кишини озод қилса, бу у учун дўзахдан қутулиш бўлади, унинг ҳар бир суяги бунинг бир суягига кифоя қилади. Қай бир мусулмон аёл бир мусулмон аёлни озод қилса, бу у учун дўзахдан қутулиш бўлади, унинг ҳар бир суяги бунинг бир суягига кифоя қилади. Қай бир мусулмон киши иккита муслимани озод қилса, бу у учун дўзахдан қутулиш бўлади, уларнинг ҳар икки суяги бунинг бир суягига кифоя қилади» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1869).

Абу Нажиҳ ас-Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Тоифни қамал қилганимизда у зотдан эшитганман: «Қай бир мусулмон киши бир мусулмон кишини қулликдан озод қилса, Аллоҳ азза ва жалла унинг суякларидан ҳар бир суякка озод қилинганнинг бир суягини (дўзахдан) тўсиқ қилади. Қай бир мусулмон аёл бир мусулмон аёлни қулликдан озод қилса, Аллоҳ азза ва жалла унинг суякларидан ҳар бир суякка озод қилинганнинг бир суягини дўзахдан тўсиқ қилади» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1897).

Абу Нажиҳ ас-Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мўмин қулни озод қилса, у унинг дўзахдан қутулиши(га сабаб) бўлади» (Абу Довуд, Насоий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1897).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бешта иш борки, ким уларни бир кунда қилса, Аллоҳ уни жаннат аҳлидан деб ёзади: «Касални бориб кўрса, жанозада ҳозир бўлса, рўза тутган бўлса, жумъага борса, қул озод қилса» (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1899).

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У жоҳилият даврида юзта қул озод қилган, юз туяга ортилган юкни садақа қилган эди. Исломга кирганидан кейин ҳам юзта қул озод қилди ва юз туяга ортилган юк садақа қилди. У айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Нима дейсиз, жоҳилият пайтида яхшилигини тилаб қилиб ўтган ишларим (фойдаси тегадими?)», деб сўрадим. «Қилиб ўтган яхшиликларинг эвазига мусулмон бўлдинг», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам»[3] (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фарзанд отасининг ҳаққини ҳеч қачон ўтай олмайди, фақат қачонки уни қул ҳолда топса ва сотиб олиб, озод қилсагина ўташи мумкин» (Муслим ривояти).

Хизматкорга сабр-тоқатли бўлишга, модомики Аллоҳ белгилаб берган ҳадлардан бирон ҳадга тажовуз қилмаган бўлса имкони борича унинг хатоларини кечиришга буюрганлари

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, хизматкорни неча марта афв қилишимиз керак?», деб сўради. У зот жавоб бермадилар. Яна қайтариб сўради, яна жавоб бермадилар. Учинчи бор сўраганида: «Ҳар куни етмиш марта афв қилинглар», дедилар[4] (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 488).

Амр ибн Ҳубайбнинг Саид ибн Холид ибн Амр ибн Усмонга шундай деганлиги ривоят қилинади: «Билмаганмисиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло қалбига инсонга нисбатан раҳм-шафқат солиб қўймаган кимса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид ва зиёнкор бўлсин», деганлар» (Дулобий, Ибн Асокир «Тариху Димашқ»да ривоят қилган Ас-силсилатус-саҳиҳа: 456).

Қул-чўрини ўлдирадиган ёки уни уриб, азоблайдиган киши тўғрисида

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен бир ғуломимни ураётган эдим, ортимдан: «Билиб қўй эй Абу Масъуд, Аллоҳ сенга (азоб беришга) сен унга қодир бўлганингдан кўра қодирроқ» деган овоз эшитдим. Ўгирилиб қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлар. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, бу Аллоҳнинг Юзи учун озод», дедим. «Агар шундай қилмаганингда, сени дўзах ўти куйдирган – ёки сенга дўзах ўти етган – бўларди», дедилар (Муслим ривояти).

Зозондан ривоят қилинади: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир ғуломини чорлади, унинг орқасида из кўриб: «Сенга азоб бердимми?», деб сўради. У: «Йўқ», деди. Ибн Умар: «Бўлди, сен озодсан», деди. Сўнг ердан бир нарсани – бир ривоятда: бир чўпни – олиб: «Менга бундан (яъни уни озод қилишимдан) мана шунча ҳам ажр бўлмайди. Зеро, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким ғуломини жазолаб урса ёки калтакласа, бунинг каффорати уни озод қилишдир»» (Муслим ривояти).

Бир ривоятда: Ибн Умар розияллоҳу анҳу деди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким қулини калтакласа ёки урса, каффорати уни озод қилишдир»[5] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4305).

Ҳилол ибн Ясофдан ривоят қилинади: Бир мўйсафид хизматкорига (чўрисига) шапалоқ туширди, шунда Сувайд ибн Муқаррин унга шундай деди: «Кучинг шу бир ожизага етиб, юзига урдингми?! Биз Муқарриннинг еттита фарзанди эдик, фақат битта хизматкор аёлимиз бор эди. Энг кичигимиз унга шапалоқ туширган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга уни озод қилиб юборишни буюрдилар» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абул-Қосим соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қулини зинокорлик билан айбласа, аслида ундай бўлмаса, қиёмат куни унга ҳад (жазо) урилади» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қулига зулм қилиб урса, қиёмат куни ундан қасос олиб берилади» (Баззор, Табароний ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 3607).

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Қай бир киши золимлик қилиб, қулини урса, қиёмат куни ундан ўч олиб берилади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 134).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтириб: «Ё Расулуллоҳ, менинг қулларим бор, улар менга ёлғон гапиришади, хиёнат қилишади, осийлик қилишади, мен ҳам уларни сўкаман, ураман. Шу ишим тўғрими?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларнинг сенга қилган хиёнатлари, осийликлари, ёлғонлари ва сенинг уларга берган жазоларинг ҳисоб қилинади. Агар берган жазоинг уларнинг гуноҳларига яраша бўлса, ора очиқ бўлади, сен фойда ҳам, зиён ҳам кўрмайсан. Агар берган жазоинг уларнинг гуноҳларидан камроқ бўлса, сенга фазл бўлади. Агар жазоинг уларнинг гуноҳларидан ортиқча бўлса, ортиқчасини сендан қасос қилиб уларга олиб берилади», дедилар. Шунда ҳалиги одам бир четга ўтиб, ҳўнграб йиғлай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг Китобидаги: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас» (Анбиё: 47) оятини ўқимаганмисан?!» дедилар. Шунда ҳалиги одам: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен ўзим учун ҳам, улар учун ҳам улардан ажралишдан кўра яхшироқ ишни кўрмаяпман. Сиз гувоҳ бўлинг, улар ҳаммаси озод», деди (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2531).

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қулини ўлдирса, биз уни ўлдирамиз. Ким қулини майиб қилса, биз уни майиб қиламиз. Ким қулини бичса, биз уни бичамиз» (Бағавий «Шарҳус-сунна»да келтирган, Ибн Ҳазм «Муҳалло»да (8:206) саҳиҳ санаган).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қичқирганича ёрдам сўраб келди ва: «Хожамнинг жорияси сабаб бўлди, ё Расулуллоҳ», деди. «Нима бўлди ўзи?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ёмон бўлди, бир жориясига кўз солиб қўйгани учун хожасининг ғаюрлиги келиб, қулининг жинсий олатини кесиб ташлади», деди. «Менга у одамни олиб келинглар», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Уни қидириб топиша олмади. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бор, сен озодсан», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, (хожам мени яна қул қилмоқчи бўлса) ким менга ёрдам беради?», деб сўради. «Ҳар бир мўмин» ёки «Ҳар бир муслим», деб жавоб бердилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3789).

Хожага нисбатан ходим ва қулнинг зиммасидаги вазифаси

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан (қўл остингиздагилардан) масъулсиз. Имом (халифа-давлат бошлиғи) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида роъия ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мулкида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Хуллас, ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ўз раиятингиздан масъулсиз» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Улардан (яъни қуллардан) ҳар бири учун Аллоҳга итоат қилиши ва хожасининг ҳаққини адо этиши қандай ҳам яхши!» (Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ деган, Саҳиҳут-тарғиб: 1884).

Қул ходим хожасининг молидан унинг ўзи бехабар ҳолда садақа қилиши мумкин

Умайр мавло Обил-лаҳм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Қул эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Хожаларимнинг молидан бирон нарсани садақа қилсам бўладими?», деб сўрадим. «Ҳа, ажрда шерик бўласизлар», дедилар (Муслим ривояти).

Қул ходим зиммасидаги хожасининг ҳаққини адо этса, унга бўладиган ажр ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қул агар Аллоҳнинг ҳаққини ва хожаларининг ҳаққини адо этса, унга икки ажр бўлади» (Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қул агар хожасига холис бўлса ва Парвардигорига чиройли ибодат қилса, унга икки карра ажр бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муслиҳ қулга икки ажр бўлади», деганлар. Абу Ҳурайранинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Аллоҳ йўлидаги жиҳод, ҳаж ва онамга яхшилик қилиш (лозим) бўлмаса эди, қул бўлиб ўлишни истаган бўлар эдим» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг ибодатини ва хожасининг хизматини чиройли адо этиб, вафот этиши қул учун нақадар яхши, нақадар яхши!» (Муслим ривояти).

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорига чиройли ибодат қиладиган ва хожасига нисбатан зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқ, холислик ва итоатни адо этадиган қулга иккита ажр бордир» (Бухорий ривояти).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч киши учун иккита ажр бор:

1) Аҳли китоблардан бўлган, ҳам ўз пайғамбарига иймон келтирган, ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган кишига;

2) Бировнинг қўл остидаги қулга, агар Аллоҳнинг ҳаққини ва хожаларининг ҳаққини адо этса;

3) Чўриси бор бўлиб, унга одоб берган, одобини чиройли қилган, таълим берган, таълимини ҳам чиройли қилган, сўнг уни озод қилиб, унга уйланган кишига иккита ажр бордир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бахил, алдоқчи, хоин ва қул-чўрига ёмон муомала қиладиган одам жаннатга кирмайди. Жаннат эшигини биринчи бўлиб қоқадиган кишилар қуллардир, агар ўзлари билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани ва ўзлари билан хожалари ўртасидаги алоқани чиройли қилсалар» (Ҳайсамий Мажмаъуз-завоид»да (10:411) айтади: Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Абу Яъло ривоят қилган, Термизий ҳасан деган).

Абу Рофиъдан ривоят қилинади: Мен Қуръон ўқиб, (хожамга тегишли нарсани) соъ билан ўлчаётган эдим, Умар ибн Хаттоб ёнимдан ўтиб қолди ва: «Эй Абу Рофиъ, сен албатта Умардан яхшисан, Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, хожаларингнинг ҳаққини ҳам адо этмоқдасан», деди (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да келтирган: 8613).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина кўчаларидан биридан ўтиб бораётиб бир қоратанли одамнинг жасадини кўрдилар, уни йўлга ташлаб қўйишган экан. Ўша атрофдаги баъзи кишилардан: «Бу кимнинг қули эди?» деб сўрадилар. «Фалон хонадоннинг қули» деб жавоб беришди. «Намоз ўқиганини кўрармидингизлар?», деб сўрадилар. «Кўрардик, баъзан ўқиб, баъзан ўқимас эди», дейишди. «Туринглар, уни ювиб, кафанланглар», дедилар. Уни ювиб, кафанлашди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, унга жаноза намози ўқидилар. «Аллоҳу акбар» деб намоз бошлагач: «Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ» дедилар. Намоздан сўнг саҳобалари у зотдан: «Ё Расулуллоҳ, намозга такбир айтганингиздан сўнг икки марта «субҳаналлоҳ» деганингизни эшитдик, нега «субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ» дедингиз?» деб сўрашди. «Унга намоз ўқиган малоикалар кўплигидан мен билан унинг ўртасини тўсиб қўйишга яқин бўлдилар», дедилар[6] (Ҳайсамий Мажмаъуз-завоид»да (10:266) айтади: Табароний ривоят қилган, исноди яхши).

Хожасидан қочиб кетган осий қул ҳақида

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир қул қочиб кетса, ундан зимма (ҳимоя) хориждир» (Муслим ривояти).

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар қул қочиб кетса, ундан намоз қабул бўлмайди». Бир ривоятда: «то хожалари ҳузурига қайтиб келмагунича кофир бўлади»[7] (Муслим ривояти).

Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши борки, улар ҳақида сўрама:[8] … хожасидан қочиб кетиб, ўлган қул» (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1887).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки кишининг намози бошидан юқорига кўтарилмайди: хожаларидан қочиб кетган қул то қайтиб келгунича, эрига осий бўлган аёл то (осийлигидан) қайтгунича» (Табароний ва Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 1888).

Қулни бузадиган ва эгасига қарши гижгижлайдиган одам ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бировнинг аёлини ёки қулини (унга қарши) гижгижласа, у биздан эмас» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4307).

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ««Омонатга қасам» деб қасам ичган одам ва бировга қарши унинг аёлини ё қулини гижгижлаган одам биздан эмас» (Аҳмад, Баззор, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 2013).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

Дуоларимизнинг сўнггида – бутун оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз.

* * *

[1] Ислом тадрижий ва тартибли суратда, қулларга ҳам, жамиятга ҳам оғир зарар етказмайдиган шаклда, уч турли йўл орқали қулларни озод қилиш амалиётини олиб борди. Биринчиси: қулларни озод қилишга ундаш ва тарғиб қилиш орқали; Иккинчиси: қул озод қилишни қасдсиз одам ўлдириб қўйиш, қасам ва зиҳор каби хато ва гуноҳларга каффорат қилиш орқали; Учинчиси: мукотаблик – қул билан хожаси ўртасида битим тузиш орқали, яъни қул хожасидан уни маълум муддат ичида маълум маблағ тўлаши шарти билан озод қилишга иттифоқ қилади, хожа унинг бу талабини рад қилишга шаръан ҳақли бўлмайди ва қабул қилишга мажбур бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй мўминлар,) қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан беринглар!» (Нур: 33). Мана шу уч хил йўл орқали Ислом қулларни секин-асталик билан ва тартибли суратда, ортиқча муаммо ва қийинчиликларсиз озод қилиш кафолатини ўз зиммасига олган эди.

Савол туғилиши мумкин: Нега Ислом қулларни бирваракайига ва буткул озод қилиш учун узил-кесил қонун чиқариб қўяқолмади?

Жавоб: Бунинг иккита сабаби бор. Биринчидан: бирданига, қатъий равишда бундай қонун чиқариш аввало қулларнинг ўзларига, иккинчидан ҳожаларига, учинчидан бутун жамиятга катта зиёнлар келтирар эди… Ҳозирги бизнинг давримизда бирон корхона эгаси ўнлаб йиллар ишлатган бир ишчисини олдиндан огоҳлантирмасдан, конпенсация тўламасдан ва бошқа иш топиб олишига фурсат бермасдан, бирданига ишдан ҳайдаб: «Сен ишдан бўшатилдинг, ўзингга бошқа иш топ!» деса, табиийки бу нарса ишчига нисбатан жабру зулм саналади. Шунингдек, ишчи корхона эгасини аввалдан огоҳлантирмасдан, ўрнига одам топиб олишига фурсат бермасдан, бирдан ишдан кетиши иш эгасига нисбатан зулм ҳисобланади. Шундай экан, бутун бошли миллат ва халқлар устига қўллари остидаги миллионлаб қулларни озод қилишга бўлган буйруқ чиқиши, ҳар битта қулдор ўз қўли остидаги қулини уйидан ҳайдаб чиқариши, қулларга озодлик ҳаётига аввалдан моддий, руҳий ва маданий-маърифий тарафдан кўникма ҳосил қилиш ва ҳозиргарлик кўришга фурсат берилмаслиги қандай аянчли натижаларга олиб келиши мумкинлигини ўзингиз тасаввур қилаверинг! Шунинг учун ҳам қулларни озод қилиш амалиётида худди Ислом қилгани каби тадрижийлик шарт эди.

Иккинчидан: бошқалар билан тенгма-тенг муомала қилиш имкониятини сақлаб туриш учун ҳам Ислом қулдорлик эшигини буткул беркитиб ташламади, бу адолат ва инсофнинг камолидан бўлди. Чунки, бошқа барча миллат ва халқларнинг маданияти, одат ва эътиқодлари қулларни ҳайвонларга ҳам лойиқ кўрилмайдиган аянчли суратда қул қилиб туриш устига қурилган эди. Душманлари мусулмонлар устидан ғолиб келган пайтларда мусулмон аёллари ва фарзандлари улар қўлида қул қилингани ҳолда мусулмонларга: «Сизлар ҳам уларга айни шундай муомала қилишга, уларнинг ҳам аёллари ва фарзандларини қул қилишга ҳақли эмассиз» деб айтилиши адолатдан бўлмас эди. Қолаверса, мусулмонларнинг қулларга бўлган адолатли ва юксак муомала маданиятлари билан бошқаларнинг қулларга бўлган золимона ва қолоқ муомаласи ўртасида жуда катта фарқ бор эди.

Ундан ташқари, Ислом қулларни озод қилиш амалиётини ўзининг адолатли ва тинч раббоний услубига биноан олиб борар экан, қул озод қилишни қонун сифатида қоғозга ёзиб қўйишдан олдин одамларнинг дилларига ва эътиқодларига сингиб кетадиган дин ва маърифат, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилинадиган ибодат қилиб қўйди. Ҳолбуки, бошқалар қулдорликни бекор қилишга йигирманчи аср бошларига келиб зўр-базўр эришганлари ҳолда, уни қоғозга ёзиб қўйилган қуп-қуруқ қонун кўринишидагина бекор қилганларини, одамларнинг эътиқод, маърифат ва ўлчовларига таъсир ўтказиш ҳақида умуман бош қотирмаганликларини топасиз. Улар қулдорлик ва ирқчиликни фақат қоғозда бекор қилган бўлиб, аслида эса умумий ва хусусий ҳаётларида уни энг жирканч суратларда сақлаб туришганини кўрасиз. Айниқса қонунга риоя қилиш ва уни назорат қилиш йўқ бўлган ҳозирги даврда одам савдоси, инсонларни ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилиб бандиликда ушлаб туриш, миллионлаб аёлларни жинсий мақсадларда арзонгаров сотиб юборишлар, қашшоқ мамлакатлар аҳолисининг муҳтожликларидан фойдаланиб, уларнинг гўдакларини сувтекинга сотиб олиб, қулликка маҳкум этиш каби ҳолатлар ҳақидаги баёнот ва маълумотномаларни ҳар куни ўқиш мумкин.

[2] Закот тарқатиладиган ўринлардан бири – қул озод қилиш ва хожаси билан (ўзини озод қилиш учун) битим тузган қулга молиявий ёрдам кўрсатишдир. Яҳё ибн Саиддан ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазиз мени Африкага закот йиғиш учун юборди. Мен уларни йиғдим, сўнг уларни тарқатиш учун камбағал-мискинларни чорладим, аммо бирорта ҳам камбағални, закот оладиган одамни топмадик. Умар ибн Абдулазиз одамларни бой-бадавлат қилиб юборган экан. Шундан сўнг закот ҳисобидан қул сотиб олиб, ўшаларни озод қилдим».

[3] Ҳадисдан олинадиган фойдалар: а) Исломдан аввал Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида қилинган яхшиликлар ўз эгасига агар у Исломга кирса манфаати етади; б) Мусулмон бўлмаганларга садақа ва яхшилик қилиш, шу жумладан уларни қулликдан озод қилиш жоиз, мусулмон киши бу иши учун ажрланади.

[4] Муҳтарам ўқувчи, Исломдаги қул-чўрилар сазовор бўлган меҳр-мурувват ва яхши муомала ҳақида тасаввур ҳосил қилгач, энди ўзингиз таққослаб кўринг: ҳозирги замондаги иш эгалари (корчалонлар) ўз қўлларидаги озод ишчи-хизматчиларига шу даражада мурувват ва яхши муомала қиладиларми, озод ишчи-хизматчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли замонавий қонунлар иш эгалари зиммасига ўз ишчи-хизматчиларига нисбатан Ислом хожалар зиммасига ўз қулларига нисбатан юклаган мажбуриятларни юклайдими?! Шунда Исломдаги қуллар ҳақидаги қонун-қоидалар мусулмон бўлмаган халқлардаги озод кишилар ҳақидаги қонунлардан нечоғли юксак бўлганини билиб оласиз.

[5] Мана шу ҳадислар тақозосига кўра амал қилиш ислом умматида бошқа халқ ва миллатларга қараганда қулларни озод қилишга ва қуллик кўринишларини жуда эрта бекор қилишга сабаб бўлган эди.

[6] Ушбу ҳадисда биз «Намозни тарк қилувчи кишининг ҳукми» номли китобимизда айтган гапнинг тўғрилигига далил бор. Яъни, намозни бутунлай тарк қилган киши билан уни баъзан тарк қиладиган одам ўртасида фарқ бор. Биринчиси кофир бўлиб, диндан чиқади. Иккинчиси эса – тарк қилиши у даражада кўп бўлмаса – кофир бўлмайди ва диндан чиқмайди, балки унинг иши Аллоҳнинг машиатига (хоҳиш-иродасига) қўйилади, унинг ҳолати мўмин бўла туриб гуноҳи кабира қилган одамнинг ҳолидек бўлади. Ҳадисда яна жанозаси ўқилиши керак бўлган одамнинг ҳоли ноаниқ бўлса, унинг дини ҳақида сўраб-суриштириш жоизлигига ҳам далил бор.

[7] Бундан мурод – эгасини диндан чиқарадиган катта куфр эмас, балки хожаларига нисбатан куфрони неъматдир, валлоҳу аълам.

[8] Яъни, қиёмат кунида
уларга бўлувчи азоб-уқубат ва ҳалокатлар ҳақида сўрама.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.