Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

19. Йўлнинг ҳаққи

Йўл омманинг ҳаққи, бировнинг шахсий мулки эмас,
кимда-ким йўл устида ўтирса унинг ҳаққини адо этиши зарур([1])

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!» (Нур: 30).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўчаларда ўтирманглар» дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, баъзан гаплашиб ўтиришга мажбур бўлиб қоламиз» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайи ва саллам: «Агар ўтиришга мажбур бўлиб қолсангиз, йўлнинг ҳаққини ўтаб қўйинглар» дедилар. «Йўлнинг ҳаққи нима, ё Расулуллоҳ?» дейишди. «(Ўтган-кетганга) кўзни тикмаслик, озор бермаслик, салом берганга алик олиш ва маъруф-яхши ишларга буюриб, мункар-ёмон ишлардан қайтариш», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Талҳа Зайд ибн Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: уйимизнинг олдида гаплашиб ўтирган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолдилар ва: «Нега йўлда ўтирибсизлар?!», дедилар. Биз: «Шунчаки ўтирибмиз, гаплашиб», дедик. «Ўтирмасликнинг иложи бўлмаса, унинг ҳаққини адо қилиб қўйинглар: кўзни тийиш, саломга алик олиш ва яхши сўзлар сўзлаш», дедилар (Муслим ривояти).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўлларда ўтиришдан сақланинглар! Агар ўтирмасликнинг иложи бўлмаса, йўлнинг ҳаққини ўтаб қўйинглар!». «Унинг ҳаққи нима?» деб сўралди. «Кўзни (ҳаромдан) тийиш, саломга алик олиш ва адашганни йўллаб қўйиш», дедилар (Таҳовий «Мушкилул-осор»да, Баззор «Муснад»ида келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2501).

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлар ўтирган жойдан ўтиб қолдилар ва: «Ўтирмасликнинг иложи бўлмаса, (адашганни) йўллаб қўйинглар, саломга алик олинглар ва мазлумга ёрдам беринглар», дедилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1561).

Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш садақа, иймон ва йўлнинг ҳақларидан бир ҳақдир

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматимнинг яхши амаллари ҳам, ёмонлари ҳам менга кўрсатилди. Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни яхши амаллари ичида кўрдим, масжид ичида бўлган, кўмиб қўйилмаган балғам (тупурги)ни ёмон амаллари ичида кўрдим» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўлдан озор берувчи нарсани четлатасиз, (шу ҳам) садақа» (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир инсон уч юз олтмиш бўғим билан яратилган. Ким Аллоҳга такбир айтса, ҳамд айтса, таҳлил айтса, тасбеҳ айтса, истиғфор айтса, одамларнинг йўлидан битта тошни четлатса ёки битта тикан ё суякни олиб ташласа ёки амри маъруф қилса ё наҳий мункар қилса ва бу амалларнинг сони уч юз олтмиш бўғим ададича бўлса, ўша куни у ўзини дўзахдан узоқлатган ҳолда юради» (Муслим ривояти).

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, мени бирон ишга буюринг, шуни қилиб юрай», дедим. «Йўлдан озорни четлатинг, шу сиз учун садақа бўлади», дедилар (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Ибн Наср «Салот»да, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1558).

Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, мени ўзим учун фойдали бўлган бирон ишга йўлланг», дедим. «Мусулмонларнинг йўлидан озорни четлатинг», дедилар (Абу Бакр ибн Аби Шайба «Ал-адаб»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2373).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биродаринг юзига табассум билан боқишинг садақа, амри маъруф ва наҳий мункар қилишинг садақа, адашиб қолган кишини йўлга солиб қўйишинг сен учун садақа, кўзи яхши кўрмайдиган одамга кўз бўлишинг[2] сен учун садақа, йўлдан ахлат, тикан ва суякни олиб ташлашинг сен учун садақа, челагингдан биродаринг челагига сув қуйиб беришинг сен учун садақа» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 572).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўл устидаги мусулмонларга озор берадиган бир дарахт (бута)ни кесиб ташлагани сабабли жаннатда кезиб юрган бир кишини кўрдим» (Муслим ривояти).

Бир ривоятда: «Бир киши йўл устида ётган бир дарахт шохи ёнидан ўтиб қолди ва: «Аллоҳга қасамки, шуни мусулмонлардан четлатиб қўяман, уларга озори тегмасин», деди, сўнг шу иши сабабли жаннатга киритилди».

Бир ривоятда: «Бир киши йўлда бораётиб, йўл устида ётган бир тиканли бутага кўзи тушди ва уни йўлдан четлатиб қўйди. Аллоҳ ундан мамнун бўлиб, гуноҳини мағфират қилди» (Муслим ривояти).

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мусулмонларнинг йўлидан уларга озор етказадиган нарсани олиб ташласа, бу иши сабабли Аллоҳ унга битта ҳасана-ажр ёзади, кимга Ўз ҳузурида ҳасана ёзган бўлса, шу сабабли уни жаннатга киритади»[3] (Табароний «Ал-авсат»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2306).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳечам яхшилик қилмаган бир одам йўлдан бир тиканли шохни олиб ташлади, – ё дарахтдаги шохни кесиб, четга улоқтирди, ё эса йўлга ташланган шохни четга олиб қўйди, – Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, уни жаннатга киритди»[4] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4367).

Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш иймоннинг бўлакларидан биридир[5]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Иймон етмишдан ортиқ бўлакдир, афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш, энг қуйи бўлаги йўлдан озорни четлатиш, ҳаё ҳам иймоннинг бир бўлагидир»[6] (Муттафақун алайҳ).

Одамларнинг йўлларига ё соя-салқин жойларига бўшанадиган (ҳожат ушатадиган) ёки йўллари устида уларга ҳар қандай йўл билан озор етказадиган кишилар ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лаънатга сабаб бўлувчи икки ишдан эҳтиёт бўлинглар», дедилар. Саҳобалар: «Лаънатга сабаб бўлувчи икки иш нима?», деб сўрашди. «Одамларнинг йўлларига ёки салқинлайдиган жойларига қазои ҳожат қилиш», дедилар (Муслим ривояти).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Учта лаънатга сабаб бўлувчи ишдан: сув оладиган жойларга, йўл устларига ва соя-салқин жойларга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 21).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мусулмонларга уларнинг йўлларида озор берса, унга уларнинг лаънати вожиб бўлади»[7] (Табароний ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2294).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мусулмонларнинг йўлларидан бирон обод йўл устига қазои ҳожатини чиқарса, унга Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин» (Ҳоким «Мустадрак»да саҳиҳ санаган (1:186), Заҳабий унга мувофиқ келган, Албоний «Ирвоъ»да (1:101) уни қувватловчи иккита шоҳид борлигини айтган).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўллар ўрталарига қўнманглар ва улар устига қазои ҳожат қилманглар!»[8] (Абу Бакр ибн Аби Шайба «Ал-адаб»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2433).

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан фалон-фалон ғазотда бўлдим. (Сафар асносида) одамлар жойларни торайтириб, йўлни тўсиб қўйишганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жарчи юбориб, одамлар ичида: «Ким жойни торайтирса ёки йўлни тўсиб қўйса, унинг жиҳоди жиҳод эмас» деб жар солдирдилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2629).

Йўл устида намоз ўқишдан қайтарилган

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Катта йўл устида намоз ўқиманглар ва улар устига қўнманглар!» (Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да айтади: «Абу Яъло саҳиҳ санад билан ривоят қилган, Абу Довуд ва бошқалар қисқартириб ривоят қилишган).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўл устларида дам олиш учун тўхташдан ва уларда намоз ўқишдан сақланинглар, чунки улар илонлар ва ваҳший ҳайвонларнинг манзилларидир. Улар устида қазои ҳожат қилишдан сақланинглар, чунки бу лаънатга сабаб бўлади» (Мунзирий «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да айтган: «Ибн Можа ривоят қилган, ровийлари ишончли).

Сайёр ибн Маърурдан ривоят қилинади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хутба қилиб туриб айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу масжидни бино қилдилар, биз муҳожир ва ансорлар у зотнинг ёнларида бўлдик. Тиқилинч қаттиқ бўлиб кетса, сизлардан бирингиз биродарининг орқасига сажда қилсин!». Йўлда намоз ўқиётган одамларни кўриб: «Масжидда ўқинглар», дедилар (Аҳмад «Муснад»да (217) ривоят қилган, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган).

Йўл ўртасида юриш аёлларга лойиқ эмас[9]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўлнинг ўртаси аёллар учун эмас» (Ибн Ҳиббон, Ибн Адий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 856).

Абу Усайд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиддан чиқиб келаётган эдилар, йўлда эркак-аёл аралашиб кетишди. Шунда у зот аёлларга: «Орқага ўтинглар! Йўлнинг ўртасида юриш сизларга муносиб эмас, йўлнинг четларини лозим тутинглар!», дедилар. Шундан сўнг аёл киши деворга яқин юрадиган бўлди, ҳатто деворга ёпишиб юрганидан баъзан кийими деворга илашиб қоларди (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4392).

Йўлларда саломлашув одоби

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бир қавм олдидан бир неча киши ўтса, улардан бири ўтирганларга салом берса ва ўтирганлардан бири унга алик олса, уларга ҳам, буларга ҳам шу кифоя қилади»[10] (Абу Нуайм «Ҳиля»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1412).

Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Отлиқ пиёдага салом беради, қавмдан бир киши салом берса, қолганларига ҳам шу кифоя қилади» (Молик ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1148).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отлиқ пиёдага, ўткинчи ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради»[11] (Муттафақун алайҳ).

Ҳовлиқмасдан, ўртача тезликда юриш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иқоматни эшитсангиз, намозга қараб юринглар. Вазминлик билан, хотиржам юриб келинглар, шошилманглар. Етган жойингиздан ўқийверинглар, улгурмаганингизни кейин тўлдириб қўйинглар», дедилар[12] (Муттафақун алайҳ).

Йўлнинг кенглиги қанча бўлиши керак[13]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар йўл тўғрисида ихтилоф қилсанглар, унинг кенглиги етти газ қилингандир» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўлни етти газ қилинглар!» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 1893).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўл хусусида келишмай қолсанглар, уни етти газ қилинглар!» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 1894).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким йўл четига бино қурса, йўлга етти газ ташласин. Ким бино қурса, қўшнисининг деворига суяб қурсин. Ўзаро ихтилоф қилманглар, (савдода) бир-бирингизни алдаманглар, (эшикларингизни) бозорга қаратиб қилманглар»[14] (Ибн Жарир ат-Табарий «Муснад Ибн Аббос»да ривоят қилган, Маҳмуд Муҳаммад Шокир тахрижда (2:774) санадини саҳиҳ деган).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

Дуоларимизнинг сўнггида – бутун оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз.

* * *

[1] Йўл бўйларидаги чойхона ва истирохатхоналарда ўтирувчилар ҳам шу ҳукмдадир.

[2] Яъни, кўзи заиф одамга йўлдан ўтишига ёки бошқа эҳтиёжларига ёрдам беришингиз садақадир.

[3] Одамларнинг йўлидан озорни четлатган кишига шу қадар улуғ ажру-савоблар ва тарғиблар бор бўлишига қарамасдан, бизнинг замонимизда ахлатларини йўлдан четлатиш уёқда турсин, ўз уйлари ёнидан ҳам олиб қўйишга ор қиладиган, бу иш билан машғул бўлувчи одамларни камситадиган кимсалар кўпдан-кўп топилади!

[4] «Ҳечам яхшилик қилмаган» деган сўзларидан мурод – тавҳиддан ташқари бирон яхши амал қилмаган деганидир. Чунки, ширк устида бўлган кимсага ҳеч қандай яхши амал, ҳар қанча катта бўлмасин, фойда бермайди. Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан!» (Зумар: 65), «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).

[5] Йўлдан озору азиятни четлатиш динида ибодат, садақа ва иймоннинг бир бўлаги саналадиган, шунга қарамасдан йўллари, шаҳарларининг кўчалари ахлатга тўлиб ётадиган умматдан ажабланаман!!

[6] Ҳадисдан амаллар иймон номи ичига кириши, иймон бир-биридан фарқли бўлиши ва баъзиси баъзисидан афзал ва юқори бўлиши, энг афзали тавҳидга гувоҳлик бериш, энг қуйиси йўлдан озорни четлатиш экани тушунилади.

[7] Ҳадисда айтилган лаънатни вожиб қилувчи озордан мурод – одамларга уларнинг йўлларида озор бўладиган ҳар қандай озору азиятлардир.

[8] Яъни, сафар асносида дам олиш учун йўл ўртасига тушманглар, юкларингизни ҳам туширманглар. Айниқса серқатнов, гавжум бўлган асосий йўлларга. Бу одамларга озор келтирадиган ишлар жумласидан ва омманинг ҳаққига тажовуз саналади. Ушбу тақиқ ва қайтариқ бизнинг давримиздаги енгил ва юк автомобиллари эгаларига ҳам тааллуқли, улардан кўплари автоуловларини тўғри келган ва ўзлари маъқул кўрган жойларга тўхтатиб қўйишади, бу ишлари қатновга халақит беришига ва йўлларни тўсиб қўйишига парво ҳам қилишмайди. Яна ўзларини яхши иш қилувчи одамлар қаторида санашади!

[9] Бу – иймон келтирган кишилар ичида фаҳш ёйилишини истайдиган кимсалар тасвирлаётгани каби – уларни кўзга илмаслик ва ҳуқуқларини камситиш қабилидаги ишлардан эмас. Аксинча, уларга озор етмаслиги ва улар ҳам бошқаларга озор етказмасликлари учундир. Аёллар – айниқса тиқилинч йўлларда – йўлнинг ўртасида юрадиган бўлсалар, тиқилинчда эркаклар ичида қисилиб, уларга урилиб, тўқнашиб юришларига тўғри келади. Бу билан ўзларига ахлоқсиз, заиф иймонли кишилар томонидан озор етишига, бошқаларга (яхшиларга) эса уларга тегиб кетиш ё кўзлари тушиш билан дилларига озор етишига сабаб бўладилар. Шунинг учун йўлнинг ўртасида юрмасдан, имкон қадар йўл четларини лозим тутсалар, озордан саломат бўлишади.

[10] Яъни, ўткинчилардан бири салом берса ва ўтирганлардан бири алик олса, ҳар икки жамоадан фарзлик соқит бўлади, қолганлар саломлашишни истасалар, бу мандуб – мустаҳаб саналади.

[11] Озчилик кўпчиликка салом бериши ҳар икки гуруҳ юқорида айтилган васфда баробар бўлган ҳолда бўлади. Бўлмаса, юқоридаги ҳадисларда баёни келганидек, отлиқ пиёдага – агарчи отлиқлар пиёдалардан кўп бўлса ҳам – салом беради, ўткинчи ўтирганга – гарчи ўткинчилар сони кўп бўлса ҳам – салом беради, валлоҳу аълам.

[12] Энг улуғ ва Аллоҳга энг суюмли амал бўлмиш намозга қараб ҳаракатланишда тапир-тупур қилиб югурмасликка, гарчи жамоат намози ёки унинг бир неча ракъати ўтиб кетиб қолса ҳам, ошиқмасдан, хотиржам юриб келишга буюриб: «Вазминлик билан, хотиржам юриб келинглар, шошилманглар», дедилар. Бу буйруқ отлиққа ҳам, пиёдага ҳам бирдек тегишли саналади. Банда энг шошилиши лозим бўлган намозгаки шундай хотиржам юриб келишга буюрилган бўлса, энди намоздан ҳам зарурроқ бўлмаган бошқа эҳтиёж ва ишларига боришда албатта ҳовлиқмасдан, оғир-вазминлик ва хотиржамликни қўлдан бермай юриб бориши лозим бўлади. Хусусан, автоуловда бораётган пайтда ушбу йўлланмага қатъий амал қилиш, тезликни белгиланган миқдордан ошириб, ҳодиса ва фожеаларга, одамларнинг ҳалокати ва мажруҳ бўлиб қолишига сабаб бўлмаслик керак.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, енгил ва оғир автомашиналар, поездлар ва бошқа нақлиёт воситалари ҳаракатланишида кескин ривожланиш бўлган ҳозирги даврда ҳайдовчилар ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солиб турувчи, машиналар тезлигини чеклаб берувчи, қачон ва қаерда тўхташ, қачон ҳаракатланиш, ортилган юк вазни ва шу кабиларни белгилаб берувчи йўл қоидаларига жиддий риоя қилмасдан туриб манзилга хавф-хатарсиз ва тинч-омон етиб олиш ғоят мушкил бўлиб қолди. Шариатимизда машҳур қоида борки: «Вожиб нима билан амалга ошса, ўша нарсани қилиш ҳам вожиб». Шундан келиб чиқиб айтамизки, отлиғу пиёда, барча одамлар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари йўлнинг ҳақларидан саналади. Ушбу қонун-қоидалар бир тарафдан, идоравий-танзимий (бошқарув ва тартибга солиш) қоидалари бўлиб, Ислом шариати, мезон ва ўлчовларига зид келмайди. Иккинчи тарафдан, уларга риоя қилиш билан барчага бирдек умумий бўлган оммавий манфаат вужудга келган ва очиқ-ойдин кўриниб турган зарарни даф қилинган бўлади. Шундай экан, нақл ҳам, ақл ҳам ушбу қонун-қоидаларга амал қилиш лозим эканига, уларга амал қилмаган киши гуноҳкор бўлишига далолат қилади, валлоҳу аълам.

[13] Чунки, айрим одамлар борки, нафси бузуқлик қилиб, уйларини кўчага чиқариб қуришади ва одамларга йўлни торайтириб, йўлнинг ҳаққига ҳам, ўткинчилар ҳақ-ҳуқуқларига ҳам зулм қилишади.

[14] Ушбу ҳадисда қайтарилган савдода бир-бирини алдаш (таножуш)дан мурод шуки, бир киши сотиб олиш мақсади бўлмаган ҳолда, бошқа бировни уни олишга қизиқтириш учун – аксарият ҳолларда мол эгаси билан келишган ҳолда – молнинг нархини ошириб сўрайди ва яхши нарх берганини таъкидлайди, мол эгаси бермаган бўлади-да сўнг у кетади, буни кузатиб турган бошқа биров уни ўша нархда ёки бироз ошириб сотиб олишга мажбур бўлади. Алдовнинг замонавий кўришларидан яна бири шуки, дўкон эгаси молларининг нархини ошириб ёзиб, остига ундан кўра арзонроқ бошқа нархни ёзиб қўяди, сўнг одамларни қизиқтириш учун ўша дўконда нархлар фалон фоизга арзонлаштирилганини эълон қилади!

Эшикларни бозорга қаратиб қилмасликка буюришдан мақсад, бозордаги
шовқин-сурон ва бошқа нарсалар билан озорланмаслик, шунингдек бозорчиларга ҳам
озор етказмаслик учундир.

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.