Асосий Меню

Махсус бўлимлар

Қўшимча бўлим

Амал мавсуми

20. Ҳайвонларнинг ҳақлари

Аллоҳ таоло айтади:

«Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор[1], осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди
сизлар каби
(Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир. Китобда (яъни
Лавҳул Маҳфузда) бирон нарсани қўймай (ёзганмиз). Кейин ҳаммалари
Парвардигорлари даргоҳига тўпланадилар»
(Анъом: 38).

«Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам бор, икки оёқда юрадиганлари ҳам бор, тўрт (оёкда) юрадиганлари ҳам бордир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодир» (Нур: 45).

«Албатта сизлар учун чорва молларида хам ибрат бордир – Биз сизларни уларнинг қорнидаги сут билан суғорамиз, яна сизлар учун уларда (юнгларидан кийимлар тўқиш, миниш каби) кўп фойдалар бор, шунингдек улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар» (Муъминун: 21).

«У зот яна сизлар учун иссиқ кийим ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб чорва молларини ҳам яратдики, сизларнинг таом-озуқаларингиз улардан бўлур» (Наҳл: 5).

«Ахир улар туянинг қандай яратилганига … (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия: 17).

«У зот яна сизлар минишингиз учун зийнат қилиб отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур» (Наҳл: 8).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ҳам, (самода) саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтиб — поклашини кўрмадингизми? Аниқки, (Аллоҳ) барчанинг дуою тасбеҳини билиб турур. Аллоҳ уларнинг қилаётган (барча) ишларини билувчидир» (Нур: 41).

«Улар устларида (қанотларини) ёювчи бўлган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмадиларми?! У (қуш)ларни ёлғиз Рахмонгина (самода) ушлаб турар! Албатта У барча нарсани кўриб турувчидир» (Мулк: 19).

«То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди» (Намл: 18).

«(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз асаларига ваҳий амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин» (Наҳл: 68).

«У қушларни кўздан кечириб (уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач): «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (мендан беизн) ғойиб бўлувчилардандир?! Албатта уни қаттиқ азоб билан азоблайман ё сўйиб юбораман ёки у менга (ўз узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтиради», деди. Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри) дан аниқ бир хабар келтирдим. Дарҳақиқат мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир. Мен у ва унинг қавми Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда-ибодат қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. Бас улар (то) Аллоҳга сажда қилмагунларича (Ҳақ йўлга) ҳидоят топмаслар. (Аллоҳ) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни ҳам биладиган зотдир. «Аллоҳ — ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина ҳақдир. У улуғ арш эгасидир»[2] (Намл: 20-26).

«Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётур» (Каҳф: 18).

Ҳайвонларга раҳм-шафқат ва яхшилик қиладиган киши ҳақида

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага яхшилик қилишни вожиб этди. Агар (бирор жонни) қатл қилсангизлар, қатлни чиройли ҳолда қилингиз! (Бирор жонлиқ) сўйсангиз, уни ҳам чиройли сўйингиз! (Сўйишдан олдин) пичоқларингизни ўткирлаб олинг ва жониворни қийнаб қўйманг» (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пичоқларни ўткирлаб олишни ва жониворлар кўзидан яширишни буюрдилар, сизлардан бирингиз (бирор ҳайвонни) бўғизласа, уни тезлик билан амалга оширсин»[3] (Аҳмад «Муснад»да ривоят қилган, шайх Шокир (8/134): «исноди саҳиҳ» деган).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимда-ким сўйилаётган чумчуққа бўлса-да раҳм қилса, қиёмат куни Аллоҳ унга раҳм қилади» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 27).

Муовия ибн Қуррадан ривоят қилинади, у отасидан ривоят қилади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мен қўй сўяман-у, унга раҳмим келади», деди. «Қўйга раҳм қилсанг, Аллоҳ сенга раҳм қилади», дедилар. (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Табароний, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 26).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар ер кўкаламзор бўлса, от-уловингиздан тушиб, унга ўт-ўландан бўлган ҳаққини беринглар. Агар қурғоқ ер бўлса, йўлда давом этинглар. Тунда йўл босинглар, чунки тунда ер қисқаради»[4] (Таҳовий «Мушкил»да, Хатиб, Байҳақий ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 682).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар унумдор ердан юрсангиз, ҳайвонларга ҳаққини ёки насибасини беринглар. Унумсиз ердан юрсангиз, шитоб йўл босинглар. Тунда йўл юринглар, чунки тунда ер қисқаради. Дам олгани тўхтасангиз, йўл устига тўхтаманглар. Чунки, у ҳар турли жониворларнинг бошпанасидир» (Баззор, Байҳақий ривоялари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1357).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар унумдор ерда сафар қилсангизлар, туяларга ҳаққини беринглар. Агар унумсиз ерда сафар қилсаларингиз, юришни тезлатинглар. Дам олишга тўхтамоқчи бўлсаларингиз, йўлдан четланинглар» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2239).

Суроқа ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жиъирронада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, у кишидан нима сўрашни билмай: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳовузимни тўлдириб қўйиб, от-уловим келиб сув ичишини кутиб тураман. Шунда (бошқа) ҳайвонлар келиб ундан ичиб кетади. Шу ишимда ҳам ажр борми?», деб сўрадим. (Ташналикдан) қовжираган ҳар бир жигар (яъни ҳар бир тирик жон)да сен учун ажр бор», дедилар (Ҳумайдий «Муснад»ида келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2152).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши йўлда бораркан, қаттиқ ташна бўлди. Бир қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичиб чиқди. Қараса, бир ит ташналикдан тилини осилтириб, тупроқ ялаб турибди. У: «Бу итга ҳам худди менга етгандек ташналик етибди» деди-да, қудуққа тушиб, маҳсисини тўлдириб сув олиб, уни тишлаганича тепага кўтарилди ва итни суғорди. Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, гуноҳини мағфират қилди», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайвонлар хусусида ҳам ажр бўладими?» деб сўрадилар. «Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни тирик жонда) ажр бор», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Чанқоқдан ўлаёзган бир ит қудуқ атрофида айланаётганини кўрган Бани Исроиллик бир фоҳиша аёл оёқ кийимини ечиб, унга сув олиб, итни суғорди. Шу иши сабабли уни мағфират қилинди»[5] (Муттафақун алайҳ).

Минҳол ибн Амрдан ривоят қилинади, у Яъло ибн Муррадан, у отасидан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамсафар бўлдим, шунда у зотдан ажиб бир ишга гувоҳ бўлдим. Бир туя келиб, у зотнинг олдиларида турди. Унинг кўзларидан ёш оқаётганини кўриб, эгаларига одам юбордилар ва уларга: «Бу туянгиз нега сизлардан шикоят қиляпти?», дедилар. Улар: «Уни ишлатар эдик, қариб, ишдан қолгач, эртага сўйиб юборамиз деб келишган эдик», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўйманглар, туяларга қўшиб қўйинглар, бирга юраверсин», дедилар (Ҳоким «Мустадрак»да келтириб: «исноди саҳиҳ» деган, Заҳабий унга қўшилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 485).

Яҳё ибн Саиддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отларининг юзини ридолари билан силаётганини кўриб, бунинг сабаби сўралди. Шунда у зот: «Бугун тунда менга отлар ҳақида танбеҳ берилди», дедилар (Молик «Муватто»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3187).

Ҳайвонларга азоб бериш, уларга тоқатидан ортиқ ишларни юклаш ва уларни нотўғри ишлатишдан қайтариқлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Юкларни туяларнинг орқароғига ортинглар, чунки, қўл (олд оёқлар) муаллақ, оёқ эса маҳкамдир» (Абул Қосим ибн Ал-Жарроҳ “Амолий” да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1130)

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз (сафарда эканимизда) бирон манзилга қўнсак, то юкларни тушириб олмагунча нафл намозлар ўқишни бошламас эдик»[6] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2224).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан юзига куйдириб тамға босилган бир эшакни олиб ўтдилар. Шунда у зот: «Мен ҳайвонларнинг юзига тамға босган ёки уларнинг юзига урган кишини лаънатлаганимдан бехабарсизларми?!», дедилар ва бундай қилишдан қайтардилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2235).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пичоқларни ўткирлаб олишни ва жониворлар кўзидан яширишни буюрдилар, сизлардан бирингиз (бирор ҳайвонни) бўғизласа, уни тезлик билан амалга оширсин»[7] (Аҳмад «Муснад»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3130).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу жониворларни саломат ҳолида мининглар, саломат ҳолида бўшатинглар, уларни курси қилиб олманглар»[8] (Ҳоким, Байҳақий, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 21).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уловларингиз устини минбарга айлантириб олишдан сақланингиз! Чунки, Аллоҳ таоло уларни сизларга жонларингиз қийналиб зўр-базўр (машаққат билан) етадиган юртларга сизларни етказиб қўйишлари учун бўйсундириб қўйди. Сизлар учун ерни яратиб қўйди, ҳожатларингизни унинг устида адо этингиз» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2238).

Саҳл ибн Ҳанзалия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қорни (ичига кириб) белига етган бир туянинг олдидан ўтиб қолиб: «Бу тилсиз жониворлар ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар, уларни яроқли ҳолида мининглар, яроқли ҳолида (сўйиб) енглар», дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2221).

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлардан бирининг боғига кирдилар. Шунда бир туя Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб ингради ва кўзларидан ёш оқди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнига бориб кўз ёшини артдилар, шунда у инграшдан тўхтади. Сўнг у зот: «Бу туянинг эгаси ким? Кимнинг туяси бу?», дедилар. Бир ансорий йигит келиб: «Меники, ё Расулуллоҳ», деди. «Аллоҳ сенга бўйсундириб қўйган бу жонивор ҳаққида Аллоҳдан қўрқмайсанми? Бу менга сенинг озор беришинг ва қийнашингдан шикоят қилди», дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2222).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг ёнидан ўтдилар. У бир қўйнинг бўйнига оёғини қўйиб туриб, пичоғини ўткирлар, қўй эса унга жовдираб қараб турар эди. Шунда у зот: «Илгарироқ (ўткирлаб олсанг) бўлмасмиди?! Бу жониворни икки марта ўлдирмоқчимисан?!», дедилар[9] (Табароний «Кабир»да ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 24).

Бир ривоятда: «Уни бир неча бор ўлдирмоқчимисан?! Пичоғингни уни ерга ёткизмасдан олдин ўткирлаб олсанг бўлмасмиди?!», дедилар (Ҳоким «Мустадрак»да келтирган ва «Бухорий шартига кўра саҳиҳ» деган, Заҳабий унга қўшилган).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир аёл бир мушукни ўлгунча қамаб қўйиб, шуни деб азобланди ва шу мушук туфайли дўзахга кирди. Унга ўзи ҳам овқату сув бермади, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормади», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф (кун тутилиш) намози ўқидилар. … (Намоздан) сўнг ортларига бурилиб, шундай дедилар: «Жаннат менга жуда яқин келди, ҳатто агар журъат қилганимда эди, сизларга унинг (меваси) шингилларидан бир шингил келтирган бўлардим. Дўзах ҳам менга жуда яқин келди, ҳатто мен: «Эй Роббим, мен ҳам шу (дўзахий)лар билан биргаманми?» дедим. Қарасам, бир аёлни бир мушук тирнамоқда экан. «Бу аёлга нима бўлган?» деб сўрадим. «У мушукни очдан ўлгунича қамаб қўйган. Ўзи ҳам овқат бермаган, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормаган», дейилди» (Имом Бухорий ривояти).

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар ҳайвонларга қилган муомалангизлар кечирилса эди, кўп гуноҳларингиз кечирилган бўларди»[10] (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 514).

Савода ибн ар-Рабиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борган эдим, менга бир неча туя берилишга буюрдилар, сўнг менга: «Болаларингга айт, туя ва чорваларининг елинига қўл текизишдан (яъни уларни соғишдан) олдин тирноқларини олсинлар. Уларга яна айтгинки, ҳайвонларнинг болаларини эмизсинлар, болалари озғин-заиф ҳолда ёшига етмасин», дедилар (Бухорий «Ат-тарих»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1936).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирортангиз, қўйми, туями сотмоқчи бўлса, унинг сутини елинига тўпламасин»[11] (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 4178).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир манзилда тўхтаганларида бир киши ҳуммаранинг (яъни, қизил тусли кичик қушнинг) инидан тухумини олди, шунда қуш безовталаниб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошлари устида айлана бошлади. У зот: «Қай бирингиз бунинг тухумини олди?», деб сўрадилар. Бир киши: «Мен олдим, ё Расулуллоҳ», деди. «Қайтариб жойига қўй», дедилар унга раҳмлари келиб (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 295).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан яна бир ривоятда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда бирга эдик. У зот бир ҳожат билан кетдилар. Шунда биз иккита полапони бор бир ҳуммарани кўриб қолиб, унинг полапонларини олиб қўйдик. Шунда у ербағирлаб уча бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келгач: «Ким буни боласини олиб қўйиб қийнади? Боласини қайтариб беринглар!», дедилар. Бир жойда чумолилар маконига ўт қўйиб юборганимизни кўриб: «Ким бунга ўт қўйди?!», дедилар. «Биз», дедик. «Ўтнинг Раббидан (яъни Аллоҳ таолодан) бошқа ҳеч ким ўт билан азоб беришга ҳақли эмас», дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 2329).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Пайғамбарлардан бир пайғамбарни чумоли чақиб олганида унинг буйруғи билан чумолилар диёрига ўт қўйиб юборилди. Шунда Аллоҳ таоло унга ваҳий қилдики: «Битта чумоли чақиб олгани учун тасбеҳ айтиб турадиган бутун бошли умматни қириб ташладингми?!» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Пайғамбарлардан бири бир дарахт остига қўнганида уни чумоли чақиб олди. Шунда унинг буйруғи билан чумолилар маконини дарахт остидан чиқарилиб, ёқиб юборилди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло унга ваҳий қилди: «Битта (ўша чаққан) чумолининг ўзини ўлдирсанг бўлмасмиди?!» (Муслим ривояти).

Ҳасандан ривоят қилинган ҳадисда: «Пайғамбарлардан бири бир дарахт остига тушди. Шунда уни чумоли чақиб олди. Унинг буйруғи билан чумолилар ини ичидаги чумолилари билан ёқиб юборилди. Шунда Аллоҳ таоло: «Битта чумолини ўлдирсанг кифоя қилмасмиди?!», деб ваҳий қилди (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 4066).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўртта жонзотни: чумолини, асаларини, ҳудҳуд (попишак)ни ва сурод (яъни бош ва тумшуғи катта, қанотлари узун, ярми қора, ярми оқ рангли қуш)ни ўлдиришдан қайтардилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 4387).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурод, қурбақа, чумоли ва ҳудҳудни ўлдиришдан қайтардилар (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2608).

Ҳишом ибн Зайддан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳу билан бирга Ҳакам ибн Айюбникига кирдик. Шунда у киши бир товуқни боғлаб қўйиб, унга қараб ўқ отаётган болаларни – ёки йигитларни – кўрдилар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жониворларни тириклай нишон қилишдан қайтарганлар», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Яҳё ибн Саидникига кирдилар. Бир бола бир товуқни боғлаб қўйиб, унга ўқ отаётган экан. Ибн Умар бориб, товуқни бўшатиб юбордилар ва: «Болаларингизни мана бу қушни ўлимга нишон қилишдан тийиб қўйинглар. Чунки, мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонзотларни ўлимга тириклай нишон қилишдан қайтарганларини эшитганман», дедилар[12] (Муттафақун алайҳ).

Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ айтади: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир товуқни нишон қилиб, унга ўқ отаётган кишилар ёнидан ўтиб қолдилар. Улар Ибн Умарни кўриб, тарқалиб кетишди. Шунда Ибн Умар: «Буни ким қилди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилган кишини лаънатлаганлар», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жониворни мусла қилган (яъни тириклай ҳолида бирон аъзосини кесган) одамни лаънатлаганлар» (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қўчқорга камон ўқи узаётган кишиларни кўриб, буни кариҳ кўрдилар ва: «Ҳайвонларни мусла қилманглар», дедилар (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 4137).

Асарларда келадики, Мусаййиб ибн Дордан ривоят қилинади, у киши айтади: «Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бир туякашни урганини ва: «Нега туянгга тоқатидан ортиқча юк юклайсан?!», деганини кўрганман».

Осим ибн Убайдуллоҳ ибн Осим ибн Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади: Бир киши бир қўйни сўйиш учун ушлаб олиб, пичоғини ўткирлаганида Умар розияллоҳу анҳу уни дарра билан урдилар ва: «(Тирик) жонга азоб берасанми?! Бу ишингни буни ушламасингдан аввал қилсанг бўлмасмиди?!», дедилар.

Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг бир қўйни сўйиш учун судраб кетаётганини кўриб, уни дарра билан урдилар ва: «Уни ўлимга чиройли олиб бор, қуриб кетгур», дедилар.

Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо қўйларнинг ифлос бир жойда турганини кўрдилар, ундан кўра яхшироқ бир жой борлигини кўриб: «Ҳой чўпон, уларни буёққа ўтказ. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳар бир роъий (чўпон, бошлиқ) ўз раиятидан масъул», деганларини эшитганман», дедилар.

Муовия ибн Қуррадан ривоят қилинади: Абуд-Дардо розияллоҳу анҳунинг «Дамун» исмли бир туяси бор эди. Уни сўраб келганларга: «Унга фақат мана шунча юк ортинглар, чунки у бундан ортиғини кўтаролмайди», дердилар. Вафотлари яқинлашганда: «Эй Дамун, эртага Раббимнинг ҳузурида менга қарши даъвогар бўлмагин. Чунки, мен сенга кучинг етадигандан ортиқча юк юкламас эдим», дедилар.

Абу Усмон ас-Сақафийдан ривоят қилинади: Умар ибн Абдулазизнинг ғуломи хачирини ишлатиб, ҳар куни бир дирҳам олиб келарди. Бир куни у бир ярим дирҳам олиб келди. «Нима бўлди?» деб сўраганларида: «Бозор чаққон бўлди» (яъни омадим юришди), деб жавоб берди. «Йўқ, аслида сен хачирни қийнагансан, энди унга уч кун дам бер!», деб буюрдилар.[13]

[1] Маълумингиз бўлсинки, ҳайвонот олами барча турлари билан, қушлар синфи бўлсин, қуруқликда яшовчи ҳайвонлар бўлсин, сувда ва денгизлар тубида ҳаёт кечирувчи жониворлар бўлсин, улар ҳам худди инсонлар каби ўзига хос уммат бўлиб, ўз тартиб-қоидалари, одатлари, ўзларига хос тиллари, ҳаёт йўллари бўлади. Уларда ҳам ҳис қилиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, аламланиш каби ҳис-туйғулар бўлади, ҳаётдаги ўз вазифасини адо қилишига имкон берадиган табиий фаҳм билан фаҳмлайди. Улар беҳуда-бекор яратилган эмаслар, улар билан ҳаёт мукаммаллашади, ҳаловатли ва гўзал бўлади. Улар фаҳм-идрок борасида бир-бирларидан фарқ қилишади. Барчаларига Аллоҳ таолони ёлғиз билиш ва Унга ибодат қилиш табиати ўрнатилган. Уларнинг ҳаммаси мўмин ва муваҳҳид бўлишади, Аллоҳга истиғфор айтишади, дуо қилишади, тасбеҳ ва ҳамду-санолар айтишади. Аллоҳ таоло айтади: «Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳга тасбеҳ айтар, яъни Уни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У Ҳалийм ва мағфиратли бўлган зотдир» (Исро: 44). Шу жиҳатдан олганда ақл ва фикрлаш неъматига, ихтиёр эркинлигига эга бўлгани ҳолда Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва ибодатидан юз ўгирган кофир ва мушриклардан кўра ҳайвонот олами яхшироқ ва афзалроқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179). Яна айтади: «Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон: 44). Бу ва шу каби маънолар Аллоҳнинг изни билан қуйида ҳайвонларнинг инсон устидаги ҳақлари хусусида зикр қилинадиган шаръий далиллар тўпламидан воқиф бўлиш асносида яна-да очиқроқ намоён бўлади. Бу эса сиздан атрофингизда бор бўлган, ҳаётда сиз дуч келадиган ҳайвонот оламига нисбатан катта масъулият ва раҳм-шафқат билан муомала қилишни тақозо қилади.

[2] Агар биз шу ҳудҳуднинг тилини тушунадиган кишилардан бўлганимизда эди, у тавҳид, ақида тўғрисида замонамиздаги анча-мунча мулла ва даъватчиларга муаллим ва насиҳатчи бўлишга яраган бўлур эди.

[3] Чунки, пичоқларни кўздан яширмаслик сўйиладиган ҳайвонни қўрқитади ва сўйилишдан олдин унга озор беради. Бўғизлашнинг афзали – жониворнинг бўғзига пичоқни бир марта тортишдир. Қайта-қайта пичоқ тортган сари ҳайвонга яхшилик қилиш маъносидан шунчалар узоқлашилади ва бунда у учун шунча азоб бўлади.

[4] «От-уловингиздан тушинглар», яъни,миниб бораётган туя, от, эшак каби уловинигиздан тушиб, унга ўт-ўлан еб, дам олишига имкон беринглар. Агар ўт-ўлан унмаган, сувсиз қуруқ ердан ўтиб бораётган бўлсангиз, йўлингизда давом этинглар, уловингизга у ерда дам берманглар, чунки у ўт-ўландан бўлган ҳаққидан маҳрум бўлади.

[5] Ҳадисдан маълум бўладики, яхшиликлар ёмонликларни, шу жумладан гуноҳи кабираларни ҳам кетказар экан. Айтишларича, яхшиликнинг катталиги ва қуввати миқдорига қараб, унинг Аллоҳнинг изни билан ёмонликларни кетказишдаги таъсири ҳам кучли бўлади.

[6] Яъни, то туя ва бошқа ҳайвонлар устидан юкларни тушириб, уларга дам бермасдан туриб чошгоҳ ва бошқа нафл намозлар ўқишга турмас эдик.

[7] Чунки, пичоқларни кўздан яширмаслик сўйиладиган ҳайвонни қўрқитади ва сўйилишдан олдин унга озор беради. Бўғизлашнинг афзали – жониворнинг бўғзига пичоқни бир марта тортишдир. Қайта-қайта пичоқ тортган сари ҳайвонга яхшилик қилиш маъносидан шунчалар узоқлашилади ва бунда у учун шунча азоб бўлади.

[8] Яъни, уларни сафар ва ҳожатларингиздан ташқари пайтларда ҳам устларига ўтириб олиб, гаплашиб ўтирадиган ўтирғичлар қилиб олманглар, бундай ўтиришлар учун ер ўзи кифоя қилади.

[9] Қўйнинг кўзида пичоқни ўткирлаётган одам уни икки марта ўлдирган, яъни ҳали сўйилмасидан туриб, ўлим азобини тотишига мажбур қилган бўлади. Бу эса жониворларга нисбатан раҳм-шафқат ва яхшилик жумласидан бўлмайди. Шунинг учун ҳам бундай қилишдан қайтарилган.

Жониворларни сўйишдаги хато одатлардан бири, мен ўзим Суданда гувоҳ бўлганим ҳолатки, кушхонада бир неча киши сўйиладиган бир ҳўкизнинг бошига йўғон таёқлар билан то у беҳуш бўлиб йиқилгунича уришади, шундан кейингина уни бўғизлашади. Бу жуда золимона ва раҳмсиз услуб бўлиб, ҳайвонларга яхшилик ва раҳм-шафқат қилишга буюрувчи Ислом таълимотларига зиддир. Қолаверса, ҳўкиз ҳали сўйилмасидан туриб, калтаклар зарбиданоқ жон таслим қилиши ҳам мумкинки, унда унинг гўшти ҳаром ва ўлимтикка айланади. Мусулмонлар бундай хато одатлардан огоҳланишлари ва унга эътиборсиз қарамасликлари лозим. Ҳайвонлар меҳр-шафқатга лойиқдир.

[10] Яъни, агар Аллоҳ таоло одамзотнинг ҳайвонлар ҳаққига қилаётган қосирликларини ва уларга етказадиган озорларини кечириб юборса, кўп нарсаларни кечириб юборган бўларди.

[11] Яъни, бир неча кун соғмай қўйиб, харидор уни серсут экан деб ўйлаши учун елинини шиширмасин. Қолаверса, сутни соғмай, елинда қўйиш жониворнинг ўзига ҳам озор етказади.

[12] Шу каби ҳадислардан ўлимга ҳукм этилган кишини ҳозирда одат бўлганидек отиб ўлдиришнинг ҳаромлиги маълум бўлади, чунки бу тирик кишини нишонга олиш бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисда ўтганидек бундан қайтарганлар, «Саҳиҳ Муслим» ва бошқаларда келадики, «Жони бор нарсани нишон қилманглар», деганлар.

[13] Шайх Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (1/37) юқоридаги асарларни зикр қилганидан сўнг айтади: «Булар мен ҳозирча воқиф бўлган асарларнинг баъзилари бўлиб, улар аввалги мусулмонларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳайвонларга раҳм-шафқат қилиш борасидаги кўрсатмаларига нақадар амал қилганликларини кўрсатади. Аслида, бундай мисоллар жуда кўп бўлиб, булар денгиздан бир томчи, холос. Мана шулардан ҳам маълум бўладики, инсонлар учун ҳайвонларга меҳр-шафқат кўрсатиш асос-тушунчасини биринчи бўлиб Ислом тузиб берган, айримлар ўйлаганидек бу асос оврўпаликлар ихтироси эмас, балки буни улар аввалги мусулмонлардан ўрганиб, сўнг уни кенгайтириб, чиройли тартиб-қоидаларга солишган ва давлатлари ҳам уни қонун сифатида қабул қилиб, ҳозирда ҳайвонларга раҳм-шафқат қилиш уларнинг асосий белгиларига айланиб қолди. Ислом давлатларидан бирон давлатда бу каби қонун-қоидаларга кўзи тушмагач, жоҳил одамлар буни ғарбликларга хос ишлардан деб кўрадиган бўлиб қолди. Аслида, мусулмонлар бунга ҳақлироқ эдилар» (иқтибос тугади).

Агар шайх Албоний ислом давлатлари деб атаган бу давлатлар фақат ҳайвонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташ ва уларга зулм қилишгагина чекланганларида иш анча енгил ва мусибат хийла оз бўлган бўларди. Бироқ, уларнинг инсон ҳуқуқларини поймол қилишлари, уларни қўпол равишда топташлари ва инсонларга нисбатан қўллаётган зулмлари олдида ҳайвонлар ҳуқуқларини бузишлари ҳеч нарса бўлмай қолди. Шунинг учун ҳам бу давлатлар қолоқлик, камбағаллик, жаҳолат, хорлик, тубанлик, ўзгаларга қарамлик жиҳатидан мисли кўрилмаган даражага етдилар. Бошқарув, раҳбарлик ва хилофат яна қайтадан мусулмонлар қўлига ўтиши учун моддий, иқтисодий ва саноат йўналишида бошқалардан юксалиш ва рақобатлашишдан, дунёвий тараққиётда илғорликка эришишдан олдин улар энг аввало амалда ва татбиқан бошқа халқ ва миллатлардан инсонларга нисбатан адолат, раҳм-шафқат, меҳр-мурувватда юқори даражага кўтарилишлари лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таолонинг қонунияти шуки, У ер юзига ҳукмронликни адолатга боғлиқ қилиб қўйди, адолат қилувчилар ва адолат билан ҳукм қилувчиларни – агарчи улар мусулмон бўлмасалар ҳам – ўзгалардан устун ва ғолиб бўлувчи қилди.

Биз ўзгаларда бўлмаган улкан ва бой ахлоқий, маърифий ва маданий меросга
эгамиз. Лекин, ҳаётга татбиқ қилинмас ва амалда қўлланилмас экан, уларнинг ҳеч
қандай қиймати ва асари бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар
нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтасизлар?! Сизларнинг ўзларингиз
қилмайдиган ишни
(қиламиз, деб) айтишларингиз Оллоҳ наздида ўта манфур
(ишдир)» (Саф: 2,3). Биз ушбу улкан ва бой меросимизнинг ўзини
йўқотибгина қолмасдан, балки унга бўлган ҳурмат-эҳтиромни ҳам йўқотдик, унга
амал қилсак бошқалар нима деркин, деб хижолат бўлиб турадиган бўлиб қолдик!
Иззат ва шарафимиз қайтиб келиши учун, умматнинг дунё халқлари ичидаги ҳайбати
ва обрў-эътибори қайтиб келиши учун энг аввало мазкур маданий-маърифий меросга
бўлган эҳтиром ва унга амал қилишимиз қайтиши лозим. Акс ҳолда, биз ўзимиз
эгаллаб турган хорлик, хўрлик ва қолоқлик даражасидан кўтарилишни умид қилмасак
ҳам бўлади. Зотан, биз Аллоҳ таоло Ислом дини билан азиз қилган халқмиз, агар
иззатни Ислом динидан бошқасидан истасак, Аллоҳ бизни хор қилади!

Сиз учун танладик

Шайх Абдулвалий Қори “Душанба кунлик дарслар” силсиласи

Андижон жоме мадраса-масжидининг имом хатиби устоз Абдулвалий қори. № Дарснинг номи Нусха олиш 1 Ихлос RM MP3 2 Аллоҳ йўлида...
Read More

Омонат (2)

Инсоннинг ўзи ва ўзгалар ўртасидаги нарсалардаги омонат Бу омонат хоҳ мол хоҳ бошқа нарса бўлсин инсонларнинг сизга топширган нарсаларини ва...
Read More

Омонат

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Жибрин
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз, ундан бизни мағфират қилишини сўраймиз. Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қули ва элчисидир. У кишига, аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.

Аммо баъд:

Албатта омонат ҳақида сўзлаш катта аҳамиятга эга. Чунки у бир томондан Аллоҳ ва банда ўртасидаги нарсага, иккинчи томондан банда билан банда ўртасидаги нарсага алоқадор. Мазкур омонатни адо этишда бандага мадад берадиган сабабларни баён этамиз.
Read More

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?

ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК? بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ СЎЗ БОШИ Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш...
Read More

Кутубус-ситта Олти китоб


Алхамду лиллах вассолату вассаламу ала росулиллах.

Кутубус-ситта муаллифлари куйидаги зотлар:


Имом Бухорий (194-256 хижрий)
Имом Муслим (204-261 хижрий)
Имом Абу Довуд (202-275 хижрий)
Имом Тирмизий (209-279 хижрий)
Имом Насоий (215-300 хижрий)
Имом Ибн Можа (209-273 хижрий)



Уларнинг хар бирини сизга кискача килиб таништириб ўтсам:

1. Имом Бухорий.

У зот Абу Абдуллох Мухаммад ибн Исмоил ибн Иброхим ибн Мугийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Мугийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг кўлида исломга кирган шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий хижрий 194 - йилда Бухоро шахрида тугилди. Етим бўлиб ўсдилар.
Read More

Аҳли суннага мактуб (давоми)

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
Абдуллоҳ Шариф таржимаси
Абу Закария ал-Маданий таҳрири
(Давоми)

3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир.
Read More

Аллоҳ ризқ берувчи зот

Хулоса Аллоҳнинг борлигига иймон келтириш инсон табиатига ўрнатиб қўйилган, унинг ич-ичидан жўшиб чиқадиган туйғудир. Мусулмон киши ўзидаги шу табиий иймонни...
Read More

Аҳли суннага мактуб

Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий Абдуллоҳ Шариф таржимаси Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири بسم الله الرحمن الرحيم Сафар ибн...
Read More

Даҳрийлик (атеизм) хатари ва даҳрийларга эслатма

"Илҳод" – "даҳрийлик" хатари ва даҳрийларга эслатма ҳақидаги бўлим[1] Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда айтаман: Арабча "илҳод" сўзи "оғиш" маъносида бўлиб,...
Read More

Даъватчига оид савол-жавоблар

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз....
Read More

Аёллар учун махсус дарслар

Энг кўп кўрилган

Янги китоблар

Саҳифамизда нашр этилаётган барча нарсалардан шахсий фойдаланиш учун руҳсат этилади. Саҳифамиз материалларидан фойдаланилган ўринларда www.islomnuri.org дан олинди деб кўрсатилиши, мустасно ўринларда бизга маълум қилиниши шарт. Материаллардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш учун ҳуқуқлар чекланмаган. Тижорат учун фойдаланиш мумкин эмас.