Ислом Нури

Мусибатланган биродаримга

Тайёрловчи: Ибн Хузайма нашриёти
Мутаржим: Абу Муҳаммад Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ўзининг севимли ва қимматли одамини йўқотган мусибатли дўстим – Аллоҳ мусибатингиз сабабли сизга савоблар ва бу мусибатланган нарсангиздан кўра яхшироқ бадаллар берсин – олган нарсаси ҳам, берган нарсаси ҳам Аллоҳникидир. Барча нарса Унинг ҳузурида ўлчовлидир. Шундай экан, сабр қилинг, Аллоҳдан савоб умидида бўлинг! Доду-фарёдлар қилманг, сизга фойда бермайди! Балки, мусибатингизни зиёда қилади, савобингизни кеткизади ва сизни гуноҳларга рўбарў қилади.

Дўстим, қуйидаги сатрларда сизнинг мусибатингизни енгиллатадиган ва мусибатларнинг қалбингизга бўлган таъсирини камайтирадиган баъзи насиҳатлар бор.

Биринчи: Қазо ва қадарга ҳамда яқинингизни йўқотиш сабабли бошингизга етган мусибат душман ёки ҳасадгўй тарафидан эмас, балки, Аллоҳнинг тақдири билан келган экани, Аллоҳ эса раҳмлиларнинг раҳмлироғи, ҳакимларнинг ҳакимроғи эканига ишониш.

Аллоҳ таоло деди:

«Айтинг: бизга Аллоҳ ёзган нарсагина етади. У – бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (Тавба: 51);

«Етган ҳар бир мусибат Аллоҳнинг изни билангинадир. Аллоҳга иймон келтирган кишининг қалбини Аллоҳ ҳидоят қилади» (Тағобун: 11).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тақдирини Еру Осмонларни яратишдан эллик минг йил аввал ёзиб қўйган» (Имом Муслим ривояти).

Иккинчи: Ўлим – барча жонзотнинг ниҳояси бўлиб, ҳамма ўлади.

Аллоҳ таоло деди:

«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир»;

«Ер юзидаги барча – фонийдир. Раббингизнинг буюклик ва ҳурмат соҳиби бўлган юзигина-ўзигина боқий қолади. (У) –».

Демак барча махлуқ тез кунда ўлади.

Учинчи: Бу дунё охират сари йўл ва кўприк эканини, барча охират томон сафарда ва охират барчанинг қароргоҳи эканини, охиратдагина мусулмон ўзининг дўстлари ва яқинлари билан жаннатда – неъматлар ичида абадий ҳаётда эканликларини унутманг.

Шундай қилиб ўзингизни овутинг ва учрашувнинг яқинлигини ҳис қилинг. Чунки ваъда қилинган жой, иншоаллоҳ, ўша ердир.

Бир одамнинг ўғли ўлганида: Менинг тотган аламимни енгиллатган нарса ўғлим билан бугун-эрта қўшни бўлишимдир -деган эди.

Тўртинчи: Билингки, дунё – имтиҳон ва синовлар диёридир.

Шунинг учун ҳам, у мусибат, қайғу ва қадарлар билан лиммо-лимдир. Аллоҳ таоло деди:

«Сизларни қўрқув, очлик, мулк, жон ва мевалардаги камчиликлар билан имтиҳон қиламиз. Сабрлиларга башорат беринг!»;

«Биз инсонни мусибатлар ичра яратдик».

Бешинчи: Билингки, доду-фарёдлар фойда бермайди. Балки, мусибатни зиёда қилиб, савобларни кетказади ва бандани гуноҳларга рўбарў қилади. Алий ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу: «Агар сабр этсанг, сенинг савобли эканинг ҳақида тақдирлар жорий бўлади. Агар доду-фарёд чексанг, сенинг гуноҳкор эканинг ҳақидаги тақдирлар жорий бўлади»- дедилар.

Баъзилар: «Сабрли учун мусибат битта, доду-фарёд чекканлар учун эса иккитадир»- дедилар.

Олтинчи: Банда, унинг оиласи ва молу-мулки Аллоҳнинг мулки эканини эсланг.

Демак, олгани ҳам, бергани ҳам Уникидир ва барча нарса Унинг ҳузурида белгиланган ўлчов биландир. Лубайд шундай деди:

Молу-дунё ва оила омонатдир. Омонат қайтариладиган куннинг келиши муқаррардир

Еттинчи: Катта мусибат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажралган кундаги мусибатдан ибрат олиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингизга мусибат етса, мен билан мусибатланганини эсласин. Чунки бу мусибат энг буюк мусибатдир» (Ибн Саъд ривояти, Албоний бу ҳадисни саҳиҳ, деди).

Табиийки, Ислом уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқотганидан каттароқ мусибатга мубтало бўлмайди.

Саккизинчи: Бошга келган мусибатни нафл намозлар ўқиш ила енгиш.

Аллоҳ таоло: «(сизлар нафсларингизни хоҳишига эргашишдан тийилиш ва уларни Аллоҳнинг тоатига боғлаб туришда) Сабр ва намоздан фойдаланинглар!»- деб айтди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирор иш оғир келса, намоз ўқир эдилар» (Абу Довуд ва Ҳасан ривоятлари).

«Бирор иш оғир келса» жумласининг маъноси: бирор муҳим ёки ғам-қайғули иш бошига тушса, демакдир.

Абдуллоҳ ибн Аббосга дўстларидан бирининг вафот этганлик хабари етиб келганида («Инна-а лилла-а-ҳи ва инна-а илайҳи рожиъу-у-н»- деб) истиржоъ айтди ва икки ракаат намоз ўқиди. У иккинчи ракаатда узоқ ўтирганидан сўнг: «Сабр ва намоздан фойдаланинглар!»- дея ўрнидан турди (Ибн Ҳажар: «Буни Табарий яхши ривоят силсиласи билан нақл қилди»- деди).

Тўққизинчи: Мусибатлар ва мусибатларга сабр қилиш учун бериладиган савобларни эсингиздан чиқарманг.

Улардан баъзилари қуйидагилардир:

А) Жаннатга кириш.

Аллоҳ таоло деди: «Фаришталар уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан кирадилар ва: «Қилган сабрларингиз эвазига сизга осудалик бўлсин – (дейдилар) Охират диёри қандай яхши-я!».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: «Дунё аҳлидан жигаргўшасини олганимда, сабр қилган ва савоб умидида бўлган мўмин бандам учун ҳузуримда жаннатдан бошқа мукофот йўқдир»- деди» (Имом Бухорий ривояти).

«Жигаргўша» – дунё аҳлидан бўлган ўғил, ака-ука ва инсон севган ҳар кишидир.

«Савоб умидида бўлиш» эса, жигаргўшасини йўқотгани эвазига Аллоҳдан савоб умидида бўлиш, демакдир. Ҳадис Қудсийда Аллоҳ таоло: «Эй, одам фарзанди, (мусибатнинг) биринчи лаҳзалар(и)да сабр қилсанг, сенга жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман»- деди (Ибн Можа ривояти ва Бусирий ҳадиснинг ривоят силсиласини саҳиҳ деди).

Б) Сабрлиларга мукофотлари бекаму-кўст берилади.

Аллоҳ таоло деди: «Сабрлиларга савоблари бекаму-кўст берилади».

Авзоий раҳимаҳуллоҳ деди: «Уларнинг савоблари тарози билан ўлчанмайди балки уларга ўлчамасдан берилади».

В) Аллоҳ таоло сабрлилар билан биргадир.

Бу биргалик ёрдам, кўмак ва муваффақият учун хосдир. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сабрлилар билан биргадир»- деди.

Г) Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради.

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради»- деди.

Д) Мусибатлар – гуноҳлар учун каффоротдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Мусулмонга етган касаллик, қайғу-алам, ҳатто баданига кирган тиконни ҳам Аллоҳ таоло унинг хатолари учун каффорот қилади» (Муттафақун алайҳи).

«Мўмин ва мўминанинг бошига синов-балолар келаверади, келаверади токи улар Аллоҳга бирорта гуноҳсиз йўлиқадилар» (Имом Термизий ривояти).

Е) Аллоҳ таолодан салавот, раҳмат ва ҳидоятнинг ҳосил бўлиши.

Аллоҳ таоло деди: «Мусибат етганида: «Инна-а лилла-а-ҳи ва инна-а илайҳи рожиъу-у-н» (Биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтувчидирмиз) – деб айтган сабрлиларга башорат беринг, уларга Раббиларидан салавот ва раҳмат бордир. Ўшаларгина ҳидоятлангандирлар» (Бақара: 155-157).

Баъзи салаф олимларининг: «Аллоҳ таоло менга сабр қилишим эвазига дунё ва дунёдаги нарсалардан кўра яхшироқ бўлган уч нарсани ваъда қилган бўлса-ю, мен нега сабр қила олмайман»- деб айтгани нақл қилинган. У юқоридаги оятда зикр қилинган уч нарсани назарда тутмоқда.

Ё) Мусибатланган одамнинг мартабасининг кўтарилиши.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло бандаси учун бир мартабани тақдир қилган (ва банда унга ета олмаган) бўлса, Аллоҳ таоло уни бадани, ё мулки, ё фарзандида (мусибат билан) имтиҳон қилади. Кейин, унга сабр беради. Ҳатто, уни Ўзи тақдир қилган мартабага етказади» (Абу Довуд ривояти, Албоний бу ҳадисни сиҳиҳ, деди).

Шунинг учун ҳам баъзилар: «Етган мусибатга таъзия билдиришдан кўра, улкан савоб билан табриклаш яхшироқдир», деган эдилар

Хотима

Аллоҳ таоло хонадонингиздан чиққан маййит (ўлик)ни раҳмат, қабрини кенг ва мунаввар қилсин. Уни ўз раҳмати билан жаннатига киритсин. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитувчи ва ижобат қилувчи зотдир.

Мусибатланган дўстим, маййитингиз учун дуоларингизни дариғ тутманг. Чунки у, дуоларингизга муҳтождир. Ҳолбуки, дуоларингиз унга қилган буюк совғангиздир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин.

* * *