Ислом Нури

Қуръон тузалмас касалликларга шифо

Савол:

Ассалому алайкум рахматулоху баракатух.Оламни яратган Оллохга хамдлар пайғамбаримиз: Мухамад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуру саловатлар саломларим бўлсин. жавобингиз учун олдиндан рахмат. Оллоҳ рози бўлсин. махаламизда 85 ёшдаги онахонимиз бор улар тиббиёт даволашга ожиз бўлган кўпгина кассаларга бир неча маротаба “ЁСИН” сурасини ўқиб дам солганларида улар тузалиб кетишган. Кекса Онахонимиз хақида фикрингизни билишни хохлайман. оллох рози бўлсин. Рустамхўжа Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу

Жавоб:

Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ. “Қуръон Карим шифо эканида шак-шубҳа йўқ. Аллоҳ таоло деди: Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва шифодир. Фуссилат: 44. Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. Исро: 82. Яъни Қуръоннинг ҳаммаси шифодир. Қуръондан баъзи оятларни ёки ҳаммасини ўқиса бўлаверади. Лекин, Фотиҳа, Оятал-курси, Ихлос ва икки Қул аузу сураларини ўқиш муҳимроқ. Чунки, булар асосан касалларга ўқилади.” Шайх Ибн Боз фатволаридан олинди. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бир неча нафари сафарда эканларида араб қабилаларидан бирига тушдилар ва улардан ўзларини меҳмон қилишларини сўраганларида улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Шу орада ўша қабиланинг саййидини (илон ё чаён) чақиб олди. Улар (уни даволаш учун) ҳамма нарсани қилишди, бироқ фойдаси бўлмади. Шунда баъзилари: «Қўноқ бўлиб тушган анави қавмга бориб сўраб кўринглар-чи, балки уларда бирон илож бордир», дейишди. Сўнг улар олдига келиб: «Эй қавм, бизнинг саййидимизни (илон ё чаён) чақди, унга ҳамма нарсани қилдик, бироқ фойдаси бўлмаяпти, сизларда бирон даво борми?», деб сўрадилар. Шунда (саҳобалардан) бири: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен руқя ўқийман (дам соламан), лекин биз сизлардан меҳмон қилишларингни сўраган эдик, сизлар меҳмон қилишдан бош тортдингиз, энди мен ҳам то бизга бирон хизмат ҳақи ажратмагунларинггача руқя ўқимайман», деди. Шундан сўнг улар бир неча бош қўй беришга келишдилар. Сўнгра (ҳалиги саҳобий) бориб, «Фотиҳа» сурасини ўқиб, унга дам сола бошлади. Шунда ҳалиги одам худди боғловдан ечилгандек (дарддан фориғ) бўлди ва ҳеч нарса бўлмагандек, юриб кетди ва: «Ўртада келишган хизмат ҳақини уларга беринглар», деди. Кейин баъзилар: «(Қўйларни) тақсим қилинглар», дейишди. Руқя ўқиган киши эса: «Йўқ, то Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб бормагунимизча ундай қилманглар», деди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (бўлиб ўтган воқеани) айтиб бердилар. У зот: «Унинг (яъни «Фотиҳа» сурасининг) руқя эканини қаердан билдингиз?», дедилар, кейин эса: «Тўғри қилибсизлар, (қўйларни) тақсим қилинглар ва менга ҳам бир улуш ажратинглар», дедилар, кулиб» (Бухорий (№2276) ва Муслим (№5863) ривоятлари). Онахоннинг фақат Ёсин сурасини ўқишига суннатдан далил йўқ. Ёсин ҳам бошқа суралар кабидир, унинг ўзига хос хусусияти, алоҳида шифобахшлиги йўқ. Юқорида таъкидланганидек, Қуроъннинг ҳаммаси шифо. Фотиҳанинг шифолиги ҳақида хос ҳадисни ҳам келтирдик. Юқорида номи келган оят ва сураларни ўқиб, унга Ёсин ёки бошқа сураларни қўшиб касалга дам солса ва суннатда келган дуони қилса, ин ша Аллоҳ шифо бўлади. Касалнинг оғриётган жойига қўлини қўйиб ушбу дуони 7 марта ўқийди: أَسْأَلُ اللَّهَ الْعَظِيمَ رَبَّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ أَنْ يَشْفِيَكَ Улуғ арш Парвардигори бўлган Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини тилайман.